Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази ва И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳридаги филиали билан ҳамкорликда талабалар учун “Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг асоси” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) матбуот хизмати хабар берди.
Тадбирда Ҳаракатлар стратегияси доирасида мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини кафолатлаш борасида амалга оширилган ислоҳотлар, Омбудсман ваколатларининг кенгайиши ва мурожаатлар билан ишлаш механизмлари, жумладан, қийноқларга қарши курашиш борасидаги ислоҳотлар ҳақида сўз борди.
Сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан халқимиз фаровонлиги йўлида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бу ислоҳотлар натижасида миллий давлатчилигимиз пойдевори мустаҳкамланиб, ҳар бир фуқаро ва оила фаровонлиги, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатлари таъминланди. Бугунги кунда мамлакатимизда халқ билан мулоқот қилиш давлат ва жамият фаолиятининг устувор мезони этиб белгиланган. Фуқароларга давлат идораларига мурожаат қилиш борасида катта қулайликлар яратилган. Президентнинг Халқ қабулхоналари ишга тушди, ҳар бир ташкилот фуқароларни қабул қилиш ва уларга қулоқ солишни ўрганди.
Давра суҳбатида Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги сиёсати халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётгани, шунингдек, Ўзбекистоннинг БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлгани ҳам тарихий воқеа сифатида баҳоланишини қайд этди. Мамлакатимизда болалар меҳнати тўлиқ бартараф этилиб, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолияти йўлга қўйилгани ва унинг аҳамияти ҳақида сўз борди.
Тадбирда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида қабул қилинган 70 дан ортиқ қонунларда ҳам инсон ҳуқуқлари устуворлик қилиши қайд этилди. Таъкидланишича, Ўзбекистон фуқаролари қаерда бўлмасин, уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилиш мақсадида “Меҳр” операциялари доирасида кўплаб фуқаролар Ватанимизга олиб келинди. 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармони билан 512 нафар фуқаро афв этилди. Уларнинг 316 нафари жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган, 196 нафарининг жазо муддати қисқартирилган. Улар томонидан билиб-билмай қилинган хатолари кечирилиб, соғлом ҳаётга қайтиш имконияти яратилди.
-Омбудсман фаолиятининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб, Вакил ваколатлари кенгайтирилди,-дейди Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова.- Омбудсман ҳузурида қийноқларнинг олдини олиш бўйича Миллий превентив механизм йўлга қўйилиб, бу орқали жазони ижро этиш муассасаларида, тергов ҳибсхоналари ва бошқа ёпиқ муассасаларда инсон ҳуқуқларининг таъминланиши бўйича жамоатчилик назорати ўрнатилди. Алоҳида қайд этиш жоизки, Миллий превентив механизм нафақат қийноқларга қарши курашиш самарадорлигининг кафолати, балки халқаро майдонда мамлакатимиз нуфузининг юксалишига ҳам хизмат қилувчи омилдир.
Омбудсман сўзларига кўра, Жорий йилнинг биринчи чораги давомида Миллий превентив механизм доирасида фаолият кўрсатувчи жамоатчилик вакилларидан иборат экспертлар гуруҳи томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 25 га яқин мониторинг ташрифи амалга оширилди. Ўрганишлар давомида минг нафардан ортиқ маҳкум билан жамоавий учрашувлар ҳамда 217 нафар маҳкум билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилган. Алоҳида қайд этиш жоизки, ушбу давр мобайнида Омбудсман номига маҳкум ва маҳбуслар ва уларнинг яқин оила аъзолари томонидан 57 та шикоят келиб тушган. Албатта, ушбу мурожаат эгалари билан мониторинг ташрифлари давомида учрашиб, муаммоси қай даражада ҳал этилгани ҳам ўрганилади.
Давра суҳбати савол-жавобларга бой тарзда, эркин мулоқот шаклида ўтказилди. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили талабалар томонидан берилган саволларга батафсил жавоб берди. Ушбу давра суҳбати орқали иштирокчилар Омбудсманнинг ваколатлари ва унга келиб тушаётган мурожаатлар, инсон ҳуқуқларининг кафолатланиши борасидаги халқаро ва миллий тажриба ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлди.