Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси давлатимиз мустақиллигининг ҳуқуқий пойдевори, халқ хоҳиш-иродасининг олий ифодаси эканлигини ҳаётда намоён этмоқда. Зеро, Бош Қомусимиз халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган, ривожланган  давлатларнинг конституциявий тажрибасига, миллий давлатчилик тарихимизнинг бой қадриятларига асослангани билан ҳам қадрлидир.  Жумладан, Асосий қонунимизнинг 2-моддасида “Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар” деб белгилаб қўйилган. Бу фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари устунлигини ва улар конституциявий даражада кафолатланганини англатади.

Бугунги кунда мамлакатимизда янги институт сифатида “Халқ қабулхоналари”, “Ишонч телефонлари”, “Сайёр судлар”, ҳоким ва тўрт сектор раҳбарлари ҳамкорлигида халқ дарду-ташвиши, муаммолари тингланиб  ҳал қилинаётгани  Бош Қомусимизда белгиланган тамойилларнинг ҳаётда тўла рўёбга чиқаётганини яққол ифода этади.

 Сўнгги йилларда мамлакатимизда оилаларга, аҳоли орасига кириб,  одамларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш, ижтимоий ҳимояга муҳтожларни қўллаб-қувватлашга эътибор кучайди. Маҳаллаларда  темир дафтарлар жорий этилиб, эҳтиёжманд қатлам хонадонма-хонадон юриб  аниқланмоқда. Ҳатто синовли йил бўлиб келган жорий йилда бу борадаги ишлар асло сусайгани йўқ, акксинча ижтимоий ҳимояга эътибор ҳар қачонгидан ҳам кучайди. Коронавирус инфекция тарқалиши натижасида аҳолининг малакали тиббий ёрдамга эҳтиёжи янада ошгани эътиборга олиниб, республикамизнинг барча ҳудудларида махсус шифохоналар барпо этилди.

Конституцияда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофазалаш борасида белгиланган муҳим тамойиллар ҳам ҳаётимизда тўла ўз ифодасини топмоқда. Буни фуқаролик масалаларини ҳал этиш, меҳнат муҳожирларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар мисолида кўриш мумкин. Дарҳақиқат, 1991 йилдан 2016 йил декабргача 482 киши Ўзбекистон фуқаролигини олган бўлса, 2016 йил декабрдан 2020 йилгача бўлган муддатда бундай шахслар 15 000 минг нафарни ташкил этди. Бундан ташқари, жорий йилнинг март ойида янги таҳрирда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонунга биноан 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистонда яшаб келган 50 000 фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олинди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоясининг янги босқичи сифатида суд-тергов амалиётида далилларни тўплаш ва баҳолашда қонунийлик ва холисликни таъминлашга тўсқинлик қиладиган ҳолатларни бартараф этиш мақсадида  Президентимизнинг “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Ушбу фармонга биноан, Ўзбекистонда қийноққа солиш, руҳий, жисмоний босим ўтказиш ва бошқа зўравонлик ҳолатларига мутлақо йўл қўйилмаслиги, жиноят ишлари доирасида ноқонуний усуллар билан олинган ҳар қандай маълумотлардан,  жумладан, аудио ва видео материаллардан, ашёвий далиллардан фойдаланишнинг қатъиян тақиқланиши белгиланди. Шунингдек, фармон билан адвокатлар жиноят иши бўйича далилларни тўплаш ва тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлиши, бу далиллар тергов ва суд идоралари томонидан мажбурий текширилиши ва баҳоланиши шартлиги белгилаб қўйилди. Қийноққа солиш каби ноқонуний усулларни қўллашни қатъиян чеклаш мақсадида тергов ва вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида видеокузатув воситалари жорий этилгани ҳам эътиборга лойиқдир.

Шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилотининг “Мажбурий меҳнат тўғрисида”ги, “Саноат ва савдода меҳнат инспекцияси тўғрисида”ги конвенциялари ратификация қилингани, хотин-қизларнинг гендер тенглиги  ва оилавий зўравонлик ҳамда тазйиққа учрашининг олдини оилш борасида қабул қилинган қонунлар инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш борасидаги ишларда муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда. Бунинг натижасида  хотин-қизларимизнинг жамиятдаги  фаоллиги ошиб, опа-сингилларимизнинг жамият ҳаёти фаоллиги кучаймоқда.

Сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ соҳаларида ҳам муҳим ислоҳотлар амалга оширилди. Судларда ишларни кўриб чиқишнинг қатъий муддатлари белгиланди, кассация ва назорат инстанциялари ислоҳ қилинди, ишларни қайта кўриб чиқишнинг апелляция тартиби жорий этилди. Мазкур тартиб биринчи инстанция судлари томонидан йўл қўйилган ҳатоларни ўз вақтида тузатиш, суд фаолиятида сансалорликка йўл қўймасликнинг муҳим кафолатига айланди.

Шунингдек, жиноят ва фуқаролик ишларини малакали асосда кўриб чиқиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини тўла ва ҳар томонлама ҳимоя қилиш бўйича фаолият самарадорлигини ошириш мақсадида умумий юрисдикция судларининг ихтисослашуви амалга оширилди. Фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судлар тузилди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритиш соҳасида суд ҳокимиятининг олий органи этиб белгиланди. Суд тизимини малакали, етук кадрлар билан таъминлашда судьялик лавозимига кадрларни танлаш ва тавсия этиш бўйича замонавий демократик тамойилларга асосланган ҳуқуқий механизми яратилди. Яъни, мустақил Судьялар олий кенгаши ташкил этилиб, ушбу соҳадаги ваколатларни амалга ошириш унга юклатилди. Шу боис ҳам, илк бор судьяликка номзодларни тайёрлаш, судьялар ва суд аппарати ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш учун масъул — Судьялар олий мактаби ташкил этилди.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлар борасида амалга оширилаётган бундай эзгу ишлар халқаро ҳамжамият томонидан алоҳида эътироф этилаётгани қувонарлидир. Хусусан, жорий  Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси сессиясида Ўзбекистон илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига уч йил муддатга – 2021-2023 йилларга сайлангани тарихий воқеадир. Дарҳақиқат, бугун Ўзбекистон БМТ ва унинг ихтисослашган муссасалари, Ислом конференцияси ташкилоти, ЕХҲТ, МДҲ, Туркий тилли давлатлар кенгаши доирасида ҳамкорликни   амалга оширмоқда. Халқаро ҳамкорликнинг бундай кенг қамровли йўналишлари эса айнан Конституциямизга мустаҳкамлаб қўйилган.

 Мамлакатимизда ана шундай халқчил Конституция туфайли фуқаролар ва миллатлараро тотувлик муҳити барқарор сақланмоқда. Халқимизнинг турмуш фаровонлиги йилдан-йилга ошиб бормоқда, ижтимоий-маданий ривожланиш, таълим, илм-фан соҳаларида улкан муваффақиятларга эришилмоқда. Жамиятимизда бугун рўй бераётган муҳим янгиланишлар ана шундай эзгу ишларнинг бардавомлигига ва фаровон келажагимизга замин бўлади.

                                                                  Феруза МУҲИДДИНОВА,

Тошкент давлат юридик университети профессори, юридик фанлар доктори