Ўзбекистонда янги таҳрирдаги Конституцияни қабул қилиш бўйича ўтказилган умумхалқ референдуми миллий тараққиётимизнинг устувор йўналишларини белгилаб берди. Асосий қонунимизда миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча фуқароларнинг тенглиги, инсон ҳуқуқлари, сўз ва виждон эркинлиги принципларига садоқат яна бир бор тасдиқланди.

Шунга асосан, ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳасидаги кенг қамровли ислоҳотлар учун инсон ҳуқуқ ва эркинликларига эътибор, фуқаролар шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, инсон ҳуқуқларини энг олий қадрият сифатида эътироф этиш каби ғоялар бош мақсад қилиб олинган.

Бугун мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг конституциявий-ҳуқуқий асос ҳамда кафолатлари билан бир қаторда ташкилий механизмлари ҳам яратилган. Зотан инсон ҳуқуқлари демократик-ҳуқуқий давлатнинг энг муҳим белгисидир. У ҳар бир давлатнинг демократик тараққиёти даражасини кўрсатувчи муҳим мезон. Шунинг учун ҳам инсон ҳуқуқлари ҳалқаро ва миллий ҳуқуқ тизимида асосий ўринда туради.

Инсон ҳуқуқлари ҳозирнинг долзарб муаммоларидан бўлиб, жамиятнинг, бутун инсониятнинг интилиши, орзу-умидлари ўзида жамлаган кенг қамровли тушунчадир. Бу тўғридаги таълимот ривожида Шарқ мутафаккирларининг хизмати бениҳоя катта. Муҳаммад Хоразмий, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур мирзо сингари кўплаб олимлар, давлат ва жамоат арбоблари инсон ҳуқуқлари тўғрисида фикр юритган.

Масалан, Абу Наср Форобий “Фозил одамлар шаҳри” асарида комил инсон жамиятнинг тенг ҳуқуқли, эркин фуқароси бўлиши лозимлиги, жамоанинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиши, кишиларнинг тинч ва осойишта ҳаёт кечириши учун зарур шарт-шароитни таъминлаб бериши ҳақида сўзлайди. Мазкур алломаларнинг асарларида инсон меҳнатини улуғлаш билан бирга ҳар бир кишининг меҳнат қилиши, ҳордиқ чиқариши, бола тарбияси билан шуғулланиши, уй-жойли бўлиши сингари ҳақ-ҳуқуқлари тўғрисида ҳам қимматли маълумотлар берилган.

Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига оид халқаро стандартларни амалга оширишда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқи, эркинлик ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, қийноққа солишнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмнинг қонуний асосларини шакллантириш, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича кенг кўламли ишлар қилинди. Шунингдек, Миллий таълим дастурининг қабул қилиниши мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари оҳасидаги таълимни янада ривожлантириш, аҳолининг бу борадаги ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳамда давлат хизматчиларининг инсон ҳуқуқлари ва гендер тенгликдаги билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган.

Сўнгги уч йилда фуқароларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий-ижтимоий, маданий ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш учун мустаҳкам қонунчилик базасини яратилди. Бу эса мамлакатимизда уйғониш жараёни кечаётганидан далолат беради. Шунинг учун “Янги Ўзбекистон” ва “Учинчи Ренессанс” сўзлари ҳаётимизда ўзаро уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб янграмоқда, халқимизни улуғ мақсадлар сари руҳлантирмоқда. Шу аснода Ўзбекистон демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланиб бормоқда.

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси узлуксиз давом этувчи ва такомиллашиб борувчи жараён. Шунга кўра, инсон ҳуқуқларига оид норма ва қоидаларни ҳар бир шахс қалби ва онгига сингдириши, фуқаролик позициясига эга бўлиши, миллий ўзликни англаши ҳамда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти шаклланишига ҳисса қўшмоғи лозим.

Бугун давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, таълим муассасалари ва аҳоли ўртасида умуминсоний қадриятлар, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва унга риоя этиш тамойилларини оммалаштириш, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқий ахборотдан фойдаланишини таъминлаш жараёнига кенг жалб этиш зарурати юзага келди.

Мамлакатимиз фуқаролари, хусусан, ёшларнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасидан хабардорлигини ошириш учун қатор ишларни бажариш лозим. Давлат идоралари ходимлари, педагоглар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларнинг инсон ҳуқуқлари, гендер тенглик соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш; замонавий технологиялар, бадиий асарлар, оммавий ахборот воситалардан фойдаланган ҳолда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим-тарбия тизими самарадорлигини таъминлаш; инсон ҳуқуқлари бўйича ўқув дастурлар, ўқув ва услубий қўлланмалар тайёрлаш; педагог кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимида инсон ҳуқуқлари ўқув курсларини жорий қилиш шулар жумласидан.

Юқоридаги ишларни бажариш ҳар бир фуқаронинг инсон ҳуқуқларига ҳурматини рағбатлантириш, унга ҳар томонлама риоя этилишини таъминлашда алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, зўравонлик ва низоларнинг олдини олишда муҳим роль ўйнайди.

Олимжон АБДУРАСУЛОВ,

ТДТУ Олмалиқ филиали доценти,

филология фанлари номзоди

Яминхон МУҲАММЕДОВ,

ТДТУ Олмалиқ филиали ўқитувчиси