Йиғилиш янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йил – “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури ижросини ташкил этиш масалалари муҳокамасига бағишланган эди. Қабул қилинган янги тараққиёт стратегиясида еттита устувор йўналиш бўйича “Инсон қадри учун – 100 та мақсад” белгиланган. Улар орасида адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантиришга оид вазифалар бор.
Жамият қандай бўлса, ижтимоий муносабатлар мажмуи ҳисобланган инсон капитали ҳам унга мос бўлади. Инсон капитали ривожи шахснинг онги, одоб-ахлоқи, маънавияти, дунёқараши, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий муносабатларга, ижтимоий тузум моҳияти ва табиатига бевосита боғлиқ. Инсон ақл-идрок соҳиби бўлгани боис, реал дунёдаги воқеаларни тушунади, илму тафаккури, меҳнати, салоҳияти билан дунёни бошқаради. Инсон капиталининг юксалишига уни ўраб турган ижтимоий муҳитда рўй бераётган жамики воқеалар таъсир кўрсатади.
Инновацион инсон капитали яратиш учун мамлакатнинг ҳар бир оиласи ва унда туғилган фарзандларни кичик ёшидан бошлаб билим олишга йўналтириш, қалбида илмга ҳавас, меҳнатга муҳаббат уйғотиш, уларни энг янги технологиялар, жаҳон стандартлари даражасидаги дарслик ва қўлланмалар билан ўқитиш, ўргатиш лозим.
Қашшоқлик шунчаки пул йўқлигини англатмайди
Билимлар жамиятдаги бор имкониятлардан фойдаланишни, кўникма-малакалар эса ижтимоий тараққиёт ва иқтисодий ўсишни таъминлайди. Бу ҳодиса доимий равишда таълимни молиялаштириб боришни тақозо этади.
Инсон капитали даражасини бир нечта усулга асосланиб баҳолаш мумкин. Анъанага кўра, иқтисодчилар буни кўпроқ таълим олган одамларнинг даромади билан ҳисоблашади. Тадқиқотлар ҳар бир қўшимча таълим йили инсон даромадини ўртача 10 фоиз оширишини исботлади. Таълимга киритиладиган сармоялар ҳам жамиятда ижтимоий тенгсизликни камайтиради. Аксарият мамлакатларда нисбатан ўзига тўқ оилаларда туғилган фарзандлар болаликданоқ кенг имкониятлардан фойдаланишни бошлайди ва у бутун умри давомида қатор афзалликларни, қулайликларни қўлга киритади. Аксинча, ночор оилалар фарзанди шундай имкониятлардан бебаҳра қолади.
Инсон капитали учун махсус элемент сифатида таълим белгиланади ва унинг асосий қисмлари тўрт компонент бирлашмасидан – маданий ва этник хусусиятлар, умумий таълим, касб-ҳунар таълими, асосий малакадан ташкил топади. Таълимга йўналтирилган инвестиция нафақат мамлакатни ривожлантиришнинг махсус стратегияси, балки инсон капитали ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш истиқболларини яхшилашга қаратилган ижтимоий сиёсатдир. Бунинг натижасида инсон капитали такомиллашиб, моддий фаровонлик ва соғлом турмуш тарзига эришилади. Инсон капитали ҳар бир инсоннинг индивидуал капитал шаклидир. Қобилият, билим, кўникма ва тажриба ҳар бир ёшнинг шахсий мулкидир.
Ёшларни юқори малакали касб соҳиблари этиб тарбиялаш бугун янги Ўзбекистоннинг устувор давлат сиёсатига айланди. Хусусан, олий таълим билан қамров даражаси 25 фоиздан ошди. Олий таълим муассасалари сони қисқа муддатда 78 тадан 157 тага етказилди. Сиртқи ва масофавий таълим шакллари, илмий даражаларга эга профессор-ўқитувчилар маошига 60 фоизгача устама ҳақ тўлаш тизими жорий этилди.
Ҳар қандай инсон капиталининг мукаммаллиги унинг энг муҳим таркибий қисми бўлган таълим сифатига бевосита боғлиқ. Замонавий олий таълимга алоҳида урғу берилар экан, энди дипломли мутахассис эмас, балки рақобатбардош, малакали ва иродаси мустаҳкам, янги давр руҳига мос фазилатларга эга кадрларга ҳар жойда талаб юқори.
Оилада инсон капиталини шакллантириш омиллари
Инсон капиталининг ривожланиш манбалари ва омилларини ўрганиш натижаларига кўра, инсон капитали учун оила даражасидаги инвестицияга эътиборни кучайтириш мақсадга мувофиқдир. Чунки инсон капиталининг барча таркибий қисмлари оила ўз фарзандига киритадиган инвестиция орқали шакллантирилади ва кўпайтирилади. Инсоннинг интеллектуал ва психофизиологик қобилиятларини оилада ривожлантириш унинг келгусида камолга етиши ва инсон капитали мунтазам такомиллашиб боришининг пойдеворидир.
Ҳар бир оила ижтимоий муносабатларни ўзига хос тарзда акс эттиради. Оиланинг болага таъсири специфик бўлгани учун унинг маънавий-ахлоқий қиёфаси шаклланиши ҳам ўзига хос ва такрорланмасдир. Ижтимоий капитал ва ресурслар манбалари вужудга келишида оиланинг ўрни беқиёс. Ўз навбатида, соғлом оила ва фарзандлар давлат учун инвестиция ҳисобланади. Оила фаровонлиги моддий фаровонлик қаторида оила аъзолари ва фарзандлар саломатлиги, ижтимоий турмуш тарзи соғломлиги, тинчлиги билан белгиланади.
Микро даражанинг асосий омили ҳам оила бўлиб, бирламчи ўзаро ижтимоий муносабатларнинг асосий элементидир. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, оилада инсон капитали “социализатор” сифатида таълим ва тарбия муассасаларининг онгга таъсирида устунлик қилади. Агар оила ва мактаб турли қадриятлар ҳамда стереотиплар тизимини тарқатган бўлса, бу рақобатда оила ютиб чиқади. Чунки оиладаги тарбия узлуксиздир ва у нафақат онгли, балки онгсиз даражада ҳам амалга оширилади.
Инсон капиталини якка шахс миқёсида олиб қараганда, асосий инвестор мазкур капитал эгасининг ўзидир. Инсон капиталига инвестиция киритиш ишонч даражасини ҳам оширади. Ўқимишли инсонлар бошқаларга кўпроқ ишонади, ишонч даражаси баланд бўлган жамият одатда нисбатан юқори иқтисодий ўсишга эришади. Мамлакатимизда инсон капиталини ривожлантириш соҳасини оптималлаштириш натижасида янги ижтимоий муҳит, янги маънавий ва ахлоқий қадриятларга асосланган инсон капитали пайдо бўлди.
Ижтимоий капитал ва маҳалла
“Бундан буён фаолиятимизни мутлақо янгича, яъни “инсон — жамият — давлат” тамойили асосида ташкил этамиз. Бу мақсадга эришиш учун эса дунёдаги ноёб демократик тузилма бўлган маҳалла институтининг катта имкониятларидан самарали фойдаланиш, унинг ваколатларини янада кенгайтириш, пировард натижада маҳаллани жамиятимизнинг ҳал қилувчи бўғинига айлантириш вазифасини олдимизга қўймоқдамиз. Мухтасар айтганда, маҳалла тинч бўлса, юрт тинч бўлади. Маҳалла обод бўлса, бутун мамлакат обод бўлади”, деган эди давлатимиз раҳбари маҳалла ҳақида гапириб.
Ҳа, Ўзбекистон тажрибасида инсон омили ва ижтимоий капитал масалаларини белгилаб беришда маҳалланинг ўрни беқиёс. Одатда маҳаллага ижтимоий институт сифатида ёндашилади. Маҳалла ўз функцияси орқали аъзоларининг жамият ҳаётидаги ижтимоийлашувини таъминлайди ҳамда жамиятдаги меъёр ва тартибларга амал қилишга чорлайди. Мамлакатимизда жамоавий турмуш тарзимизнинг азалий шакли бўлган маҳалла тизими қайта тикланишига эришилди. У дунёда ўхшаши бўлмаган ва аҳолига энг яқин ижтимоий тузилма сифатида ўз ишини тизимли юрита бошлади. Маҳалла нафақат ҳудудий тинчликни таъминловчи ташкилот, балки аҳолини тўлақонли маънавий, иқтисодий, ижтимоий ва руҳий ҳимояловчи ва ривожлантирувчи муассаса ҳамдир.
Инсон капиталининг ҳар бир таркибий қисми ижтимоий муҳит билан ўзаро муносабатларда шаклланган шахслар ва ижтимоий жамоаларни қўллаб-қувватловчи механизмлар билан ўлчанади. Бинобарин, маҳалладаги ижтимоий муҳит социал муносабатлар доирасида ўз аъзоларининг юриш-туришини тартибга солади.
Фан ва таълимга асосланган жамиятда инсон капитали қадри
“Ахборотга ким эгалик қилса, у дунёга эгалик қилади”, деб бежиз айтилмаган. 2019 йил якунида Президентимиз Олий Mажлисга Мурожаатномасида 2020 йилни “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилди ва ушбу йилда мамлакат рақамли иқтисодиётни ривожлантиришда туб бурилиш ясаши кераклигини таъкидлаб, бундай деди: “Тараққиётга эришиш учун рақамли билимлар ва замонавий ахборот технологияларини эгаллашимиз зарур ва шарт. Бу бизга юксалишнинг энг қисқа йўлидан бориш имкониятини беради”.
Таъкидлаш жоизки, замонавий ўзбек жамиятида ёшларнинг сўнгги ахборот технологияларидан фойдаланиш ва уларни ўзлаштириш салоҳияти баланд.
Ахборотлашган жамиятда маълумот бериш ва ахборот олиш ҳар доим билимга асосланган, лекин улар ўртасида кескин фарқлар мавжуд. Хусусан, социумда мослашувчан технологиялар вужудга келиб, жамиятнинг ахборотлар тизимини пайдо қилиши постиндустриал жамиятга ўтиш шароитида яққол кўзга ташланади. Интернет, интерактив телевидение, ижтимоий тармоқ ва бошқа ахборот технологияларининг инсон капиталини таъминлашга асос вазифасини бажарувчи воситага айланиши кузатилади. Ҳозир ахборот рақамли технологиялар орқали узатилмоқда, ўз навбатида, фан ва таълимга асосланган жамиятда инсон капитали қадри ҳам ўзгариб бормоқда. Инсон энди катта ҳажмдаги ахборотни хотирада сақлай олмайди, чунки уни исталган вақтда тармоқдан топиш имкони бор. Энди мавжуд маълумотлар билан ишлаш ва янгиларини яратиш қобилияти олдинги ўринларга чиқди. Инсон капиталининг моҳияти ҳам шунга бориб тақалади.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни қўллаб-қувватлаш
Ахборот-коммуникация технологиялари билан боғлиқлик олий ва ундан кейинги таълим тизими билан мутаносиб равишда ривожланиб борди ҳамда у бугун инсон капитали омилига боғланган. Наманган давлат университетида илм-фанни ривожлантириш, ёшларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида биргина таянч докторантурага қабул кўрсаткичлари жорий йилда аввалги йиллардагига қараганда қарийб 2,5 баробар ортиб, 35 тадан 84 тага етди. Шунингдек, ихтисослашган кенгашлар сони 4 тадан 6 тага, ҳимоя қилиниши мумкин бўлган ихтисосликлар сони 9 тадан 12 тага, докторантура ихтисосликлари сони 28 тадан 31 тага оширилди.
Университетимизда 25 минг 323 нафар талаба таҳсил олади. 101 нафар, жумладан, “Ёшлар дафтари”га киритилган
12 нафар, “Темир дафтар”да рўйхатда турган 8 нафар ва ногиронлиги бор 81 нафар талаба бепул ётоқ жойи билан таъминланган. 2021 йилда ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида талабалар турар жойида ойлик яшаш пули 78050 сўмдан 50000 сўмга туширилди, яъни 33 фоиз арзонлашди. Натижада бир йилда 500 миллион сўмга яқин маблағ ёшларнинг чўнтагида қоладиган бўлди. Университет талабалар турар жойларида “Беш муҳим ташаббус” доирасида спорт, мусиқа, санъат, тикувчилик, пазандалик, китобхонлик тўгараклари фаолияти самарали йўлга қўйилиб, уларда 800 нафардан зиёд талаба қатнашмоқда. Бу таҳлилий рақамлар профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг ўзини ўзи баҳолаш кўрсаткичлари тез ўсаётгани, инсон капиталини ривожлантириш борасидаги ишларнинг амалий натижасидир.
Муҳриддин СОДИРЖОНОВ,
Наманган давлат университети таянч докторанти