Ўзбекистон таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларда илк бора иштирок этишга киришар экан, PISA, PIRLS, TIMSS, TALIS дастурларида кўп йиллардан буён қатнашиб, халқаро рейтингларда ўзининг ўрнини мустаҳкамлаб бораётган давлатларнинг тажрибаларини ўрганишнинг аҳамияти беқиёсдир. Бу борада Россия Федерациясининг ҳам ўзига хос тажрибаси мавжуд.
Ушбу вебинарни ташкил этишдан кўзланган мақсад, таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўришда мактаб ўқитувчиларининг малакасини ошириш, тажриба алмашиш, ўқувчиларнинг ўқиш, математик ва табиий-илмий саводхонлиги ҳамда креатив фикрлаш кўникмаларини баҳолаш ва ривожлантириш бўйича илғор тажрибаларни ўрганиш учун муносиб шароит яратишдан иборат.
Эслатиб ўтиш жоизки, 2019 йил давомида Таълим инспекцияси ташаббуси билан Халқ таълими вазирлиги, Россия таълим академияси Таълимни ривожлантириш стратегиялари институти билан ҳамкорликда Жаҳон банкининг READ дастури доирасида Москва, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўришга мўлжалланган семинарлар ташкил этилиб, унда 2800 дан ортиқ тингловчилар иштирок этган бўлса, 20 нафар маъмурий бошқарув ходимлари, 260 нафар фан ўқитувчиларнинг тренерлар сифатида малакаси оширилган эди. Мазкур вебинар ҳам ўтган йиллардаги семинарларнинг мантиқий давоми ҳисобланиб, иштирокчиларга янада кўпроқ маълумотлар етказиб беришга қаратилган.
Авваллари ўқувчиларнинг дарс давомида ўқитилган билимларни қай даражада эслаб қолганликлари баҳоланган бўлса, бугунги кунга келиб, айниқса, PISA ва PIRLS халқаро тадқиқотлари талабларига кўра, ўқувчиларнинг фақатгина қай даражада яхши хотирага эга эканликлари эмас, балки эгаллаган билимларини реал ҳаётий вазиятларда қўллай олиш, ўқиб тушуниш, мулоҳаза юритиш, мантиқий ва ижодий фикрлаш, фикрларини ёзма баён қилиш қобилиятлари баҳоланади.
Бола яхши ўқиши учун яхши муҳитда ўсиши лозим. Таълим олиш учун оиладаги шароитлар, мавжуд китоблар, етарли даражада электрон ресурслар мавжудлиги, ота-оналарнинг маълумоти ва ўқишга бўлган ижобий муносабатлари таъсир этади.
Ўқувчиларнинг турли масалалар устида математик мулоҳаза юритиши, муаммони ечишда математик билимларни қўллай олиши ва муаммонинг ечимидан реал вазиятни талқин қилиш ҳамда баҳолашда фойдалана олиш қобилияти “математик саводхонлик”, шахс ўзининг билими ва салоҳиятини ривожлантириш, жамиятда ўз ўрнини топиш мақсадига эришиш йўлида матнларни тушуниш, улардан фойдаланиш, улар устида мулоҳаза юритиш ҳамда муносабат билдириш қобилияти “ўқиш саводхонлиги” деб таърифланса, шахснинг табиий фанларга оид ғояларни билиши, фаол шахс сифатида табиий фанлар билан боғлиқ муаммоларни ҳал қила олиш қобилияти “табиий-илмий саводхонлик” дейилади. Шунингдек, креатив фикрлаш ўқувчиларнинг турли ғояларни ярата олиш, ғоялар устида мулоҳаза юритиш натижасида муаммонинг самарали, оригинал ҳамда инновацион ечимларини топиш қобилияти демакдир.
Ушбу вебинар россиялик ҳамкорлар билан биргаликда ташкил этилган экан, бу давлатнинг халқаро тадқиқотларда узоқ йиллардан бери узлуксиз равишда қатнашиб келаётганлиги, муайян давр мобайнида ўз таълим тизимида муносиб тараққиётга эришаётгани, айниқса, PIRLS тадқиқоти рейтингида энг юқори ўринларни эгаллаб келаётгани ҳақида эслатиб ўтиш ўринлидир. Россия Федерацияси ўқувчиларда амалий кўникмаларни ривожлантириш, ўқувчилар ва ота-оналарнинг ўқишга бўлган ижобий муносабати, китобхонликни ривожлантириш орқали ўқиш саводхонлигини яхшилашда илғор тажрибага эга ҳисобланади.
Икки кун давом этадиган ушбу вебинарда ўқувчиларнинг ўқиш, математик, табиий-илмий саводхонлиги ва креатив фикрлаш ҳамда матнни ўқиб тушуниш даражаларини баҳолаш ва ривожлантириш омиллари, таълим тизимидаги ўзгариб бораётган ёндашувлар ҳақида россиялик кўп йиллик тажриба эга халқаро экспертлар томонидан қимматли маълумотлар бериб ўтилиши кўзда тутилган.
Вебинар умумий қамрови ва мазмуни жиҳатидан таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўриш, ўтказиш жараёнига масъул ходимлар, умумтаълим муассасалари, айниқса халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўришга йўналтирилган таянч мактаблар ўқитувчиларига мўлжалланган бўлиб, вебинарнинг биринчи кунида аниқ, табиий ва филология фанлари ҳамда вебинарнинг иккинчи кунида бошланғич таълимга бағишланган маърузалар ўрин олган.
Ушбу вебинар ўзбек ва рус тилларида ташкил этилиб, унда 1000 га яқин соҳа мутахассислари, шу жумладан, мактаб раҳбарлари ва ўқитувчилари иштирок этиши кутилмоқда.
Вебинар давомида бериладиган маълумотлар, XXI асрда таълим тизимига қўйиладиган янги ва замонавий талаблар ҳақида иштирокчиларнинг тасаввурларини янада бойитиш, 2021 йилдаги халқаро PIRLS ва 2022 йилдаги PISA халқаро тадқиқотларига муносиб тайёргарлик кўриш, шу орқали Ўзбекистонда таълим сифатини янада яхшилашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, Халқ таълими тизимини ривожлантириш концепциясида 2030 йилга келиб Ўзбекистоннинг PISA (The Programme for International Student Assessment) Халқаро ўқувчиларни баҳолаш дастури рейтинги бўйича жаҳоннинг биринчи 30 та илғор давлатлари қаторига киришига эришиш белгиланган.
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси
матбуот хизмати