Юртимизда ҳар бир соҳада рўй бераётган ўзгаришлар аввало инсон учун яратилаётган қулайликларнинг ёрқин ифодасидир.
Ўтган йиллар давомида самарали ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш жараёнига янги механизмларнинг татбиқ этилиши орқали қонун устуворлигини таъминлаш, аҳолини қийнаб келган муаммоларни ҳал этиш, қийноқларнинг олдини олиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, сўз эркинлигини мустаҳкамлаш каби қатор йўналишларда салмоқли натижаларга эришилди.
Қолаверса, жиноят содир этиб, чин кўнгилдан пушаймон бўлган ҳамюртларимизнинг афв этилиши ва уларнинг жамиятга мослашишига кўмаклашиш, «Меҳр» операциялари доирасида уруш ўчоқларидан аёллар ва болаларни қайтариш, уларга ғамхўрлик кўрсатиш борасидаги Ўзбекистон тажрибаси халқаро ҳамжамият томонидан кўп бора эътироф этилди.
Мен ҳам ўтган йил 25 ноябрда Жиззах шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги жазони ижро этиш департаменти 3-минтақавий ҳудуд 29-сонли манзил-колониясидаги маҳкумалар билан очиқ мулоқот ўтказганимда, ушбу колониядаги маҳкума аёллардан бири чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказилишида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган эди. Ўша кундан бошлаб ҳар ойнинг охирги кунларида «Соғлом оила - мустаҳкам оила» лойиҳаси доирасида тиббий кўриклар ва психологик тренинглар ташкиллаштириб борилиши тўғрисида режа қилиб олган эдик.
Жорий йил 7 январда режамиз асосида ушбу колонияда чуқурлаштирилган тиббий кўрикни ташкил этдик. Тиббий кўрикка вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига қарашли республика тез тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиали, вилоят ОИТС ва ОИВ маркази, сил касалликлари диспансерининг энг малакали хирург, травматолог, уролог, гинеколог, окулист, невропатолог ва бошқа турдаги касалликлар шифокорлари, лаборант-мутахассислар махсус тиббий мобил автобус, етарли миқдордаги тиббий анжомлар, рентген, мобил ижтимоий дорихона жалб этилди. Ушбу колониядаги барча маҳбуслар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Шу куни бу ерга «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди Жиззах вилояти филиали тиббий-ижтимоий ёрдам бригадаси ходимлари ҳам келиб, тиббий кўрик давомида шифокорлар кўрсатмасига асосан маҳбусларга дори-дармон, санитария-гигиена воситалари, тиббий жиҳозлар тарқатди.
Ушбу чуқурлаштирилган тиббий кўрикни ўтказишдан кўзланган мақсад, аввало инсон қадрини улуғлаш, маҳкумларнинг жамиятимизда ўз ўрни борлиги ва уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, саломатликларини ҳимоя қилишдан иборат. Чунки улар ҳам шу халқнинг, шу юртнинг фарзандлари. Билиб-билмай адашган ватандошларимизни махсус колонияларда қайта тарбиялаб, тўғри ҳаёт йўлига бошқариш ҳаммамизнинг бурчимиздир.
Абдулазиз Хyжаков,
Xалқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши
«Ахборот сиёсати ва маҳаллий давлат органларида
очиқликни таъминлаш» масалалари бўйича
доимий комиссияси раиси.