Институтда ўқув-ижодий жараёнлар сифатини янада яхшилаш ҳамда меҳнат жамоасини рағбатлантириш мақсадида комбинат томонидан 3 миллиард сўмдан зиёд ҳомийлик ёрдами кўрсатилди.
Бундан ташқари, Дўстлар клуби доирасида институт ўқитувчи ва талабалари иштирокида “Металлург” маданият саройида ижодий ҳафталик ўтказилди. Тўрт кун давомида шаҳар аҳолиси ва ёшлар, комбинат меҳнат жамоаси учун Чўлпон таваллудининг 125 йиллигига бағишланган “Кундузсиз кечалар” номли спектакль намойиш этилди, Ўзбекистон халқ артисти Муҳаммадали Абдуқундузовнинг “Ўшал Бобурмен, мен” номли муаллифлик асари ҳамда “Ўзбек миллий академик драма театрининг ижодкорлари” номли китоблар харид қилиниб, мингга яқин ишчи-ходимларга улашилди.
Шу ўринда атоқли адиб Ўткир Ҳошимовнинг ушбу битиги ёдга тушади.”Одамзод нима учун кафтдек ҳовлисига гул экади? Ундан кўра шолғом экса, қозонига тушади-ку... Одамзод нима учун булбул "чах-чах"ини эшитганда энтикиб кетади? Ундан кўра булбулни шўрвага солиб пиширса, нафсини қондиради-ку....
Одамзод нима учун боласининг бошида алла айтади? Гўдак алла эшитмаса ухламайдими? Гап шундаки, Одамзодни ҳайвонотдан ажратиб турадиган чегара бор. Бу чегаранинг номи Маънавият деб аталади...”
Маданият муассасаларига, ижодкорлар фаолиятига эътибордан мақсад нима, деган саволга адибнинг шу фикрда жавоб ётгандек. Инсон қалбига, руҳига озуқа берувчи, тарбияловчи энг муҳим омил, маънавий тизгинлардан бири, бу санъат ва ижоддир.
Ўзбекистон давлат филармонияси “Наврўз” ашула ва рақс жамоасининг жорий йил март ойида Италияга қилган ижодий сафари халқимизнинг бетакрор миллий санъати ва қадриятларини жаҳон саҳнасида яна бир бора эътироф этилишига сабаб бўлди. Дунёнинг 29 та давлатидан 52 жамоа иштирок этган фестивалда “Наврўз” жамоаси “Лазги” рақсини ижро этиб, Гран-прини қўлга киритди. Қувонарлиси, ушбу муваффақиятли сафар комбинат ҳомийлигида амалга оширилди.
Филармония ижодий жамоаси билан Дўстлар клуби доирасида ҳам маданий тадбирлари ташкил этиб келинмоқда.
Комбинат томонидан санъат ва ижодий фаолиятни рағбатлантиришга йўналтирилган лойиҳалар ичида “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивали алоҳида ўрин тутади.
“Тинчлик, маърифат ва тараққиёт учун” деган эзгу ғоя асосида ўтказилган мазкур анжуманда жаҳоннинг 35 давлатидан 300 дан зиёд кино усталари иштирок этди. Бу йирик халқаро анжуманни юқори савияда ташкил этиш учун Миллий кинематография марказига Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан 14 миллиард сўмдан зиёд ҳомийлик ёрдами кўрсатилди.
Ёш авлод таълим-тарбиясида аждодлар ҳаёти ва тарихимизни ўргатиш ва ўрганиш муҳим ўрин тутади. Комбинат ҳомийлигида буюк бобомиз Абу Али Ибн Сино ҳаётига бағишланган ноёб асарнинг чоп этилгани алоҳида эътирофга лойиқ. Ёзувчи Абдужалол Раҳимнинг Ибн Сино ҳаёти ва фаолиятига бағишланган уч китобдан иборат трилогиясининг тақдимот маросим Чиноз туманидан бўлиб ўтди.
Бу борада комбинат жамоаси яна бир хайрли ташаббусни амалга оширди. Яқинда нашрдан чиққан “Севги романслари” китоби ўзбек романсчилигининг асосчилари бўлган бастакорларнинг ижод намуналарини ўз ичига олади.
Олмалиқ шаҳридаги 16 та умумтаълим мактабларини мусиқа асбоблари билан таъминлашга комбинат томонидан кўрсатилган амалий ёрдам туфайли минглаб ёш авлод учун дастлабки мусиқа ва санъат илмини эгаллашларига имкон яратилди.
Таъкидлаш жоизки, Тошкент вилояти ҳудудидаги маданият ва маърифат масканларини аҳолига самарали хизмат кўрсатишини таъминлашга қаратилган лойиҳаларда ҳам Олмалиқ кон-металлургия комбинати фаол иштирок этиб келмоқда. Жумладан, Паркент туманидаги “Чотқол” маданият саройи комбинат бунёдкорлари томонидан тўлиқ таъмирланиб, Мустақиллик айёмининг 32 йиллигига муносиб совға сифатида фойдаланишга топширилди.
Нурафшон шаҳридаги вилоят Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Маънавият ва маърифат масканининг замонавий, кўркам қиёфа касб этиб, Тошкент вилоятининг ижодкор, зиёлиларига туҳфа этилишида ҳам комбинатнинг алоҳида ҳиссаси борлиги қувонарлидир. Комбинат жамоаси халқимизга янги умид, янги ишонч бераётган ҳаётбахш ислоҳотларда фаол иштирок этишни шараф деб билади.