Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ташаббуси билан ташкил этилган ушбу тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари ташкилий-кадрлар гуруҳлари ҳамда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳудудий филиаллари раҳбарлари иштирок этди.

Семинарда яқинда кучга кирган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳияти, замонавий раҳбар қиёфаси ва давлат хизматчиларига қўйилаётган талаблар тўғрисида фикрлар билдирилди.

Семинарда давлат фуқаролик хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидалари, миллий кадрлар захирасини шакллантириш ва юритиш, уларнинг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари каби мавзуларда маърузалар тингланди. Малакали мутахассислар томонидан “Селф-менежмент: шахсий самарадорликни ошириш” ҳамда “Лидерлик ва самарали жамоани шакллантириш” мавзуларида семинар тренинг машғулотлари ўтказилди.

Ўқув давомида муҳокама этилган мавзулар бўйича вилоят ҳокимлиги томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот бердик. Бинобарин, Президентимиз томонидан жорий йилнинг  4 август куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлат хизматини ислоҳ қилиш ҳамда халқимизни рози қилиш ва давлат идораларига бўлган ишончини ошириш борасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар аниқ белгилаб берилди.

Бугунги кунда вилоятимизда 8800 нафардан ортиқ давлат фуқаролик хизматчилари меҳнат қилмоқда. Вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари масъул ходимлари сони 475 нафарни ташкил этади. Захирага олинган кадрларни ротация қилиш ва лавозимга кўтариш йўналишида жорий йилда республика вазирлик ва идораларидан 1 нафар масъул ходим вилоят ҳокимининг ўринбосари лавозимига, 2 нафари шаҳар, туман ҳокими лавозимига тайинланди. Шунингдек, вилоят бошқармаларидан 16 нафар ходим шаҳар ва туман ҳокимининг ўринбосари лавозимига, 13 нафар шаҳар ва туман ҳокимининг ўринбосари эса вилоят бошқарма ва ташкилотлари раҳбарлик лавозимларига лойиқ кўрилди.

Халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туманлар Кенгашларида янги тайинланаётган вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, шаҳар ва туманлар ҳокимларининг ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланади ҳамда унинг ижросини ташкил этиш бўйича ойлик, хафталик, кунлик иш режа асосида тизимли иш олиб борилмоқда.

Худди шундай, шаҳар ва туман ҳокимининг ўринбосари лавозимига янги тайинланаётган раҳбарлар эса вилоят ҳокимлиги ташкилий-кадрлар гуруҳи ҳамда вилоят ҳокимининг ўринбосари тегишли котибияти билан биргаликда комплексни ривожлантириш бўйича ҳам “йўл харитаси”ни ишлаб чиқади ҳамда унинг ижросини таъминлаш чораларини кўради.

Раҳбарликка номзодларнинг билими, тажрибаси ва салоҳияти очиқ танлов орқали аниқланаётгани, давлат хизматчилари учун мунтазам равишда малака ошириш курслари ташкил этилаётгани ва энг муҳими, кадрлар танлаш ва заҳирага олиш жараёни олий ўқув юртларидан бошланаётгани давлат хизматида муносиб инсонлар меҳнат қилишига туртки бўлмоқда.

Вилоятимизда ёш кадрларни саралашни олий таълимдан бошлаб, уларни заҳирага олиш, тегишли вазифада иш фаолиятини бошлашига кўмаклашиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича татбиқ этилаётган уч йиллик тажриба тасдиқламоқда.

Энг муҳими, ана шу даврда кадрларни жой-жойига қўйиш, муносиб заҳира яратиш, уларни ўқитиш, малакасини ошириш, лавозимда босқичма-босқич кўтариш борасида тизим юзага келяпти.  2020 йилдан буён олий ўқув юртларидан иқтидорли битирувчиларни беш мезон асосида саралаш ва уларни вилоят ҳокимлигининг истиқболли кадрлар захирасига олиш тизими йўлга қўйилган.

Уч йил давомида 1368 нафар иқтидорли ёш кадрлар захирага олиниб, давлат хизматига ишга таклиф этилмоқда. Ушбу ёш мутахассислар таркибидан 262 нафар ҳоким ёрдамчиси, 117 нафар ёшлар етакчиси, 77 нафар хотин-қизлар фаоли, жами 456 нафар ёшларни истиқболли кадрлар сифатида саралаб олинди.

Маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаоллари ҳам бизнинг умидли кадрларимиз бўлиб, август ойидан бошлаб ҳар ойда мунтазам равишда ҳар бир ҳудудда алоҳида-алоҳида тартибда махсус семинарлар ўтказиш йўлга қўйилди.

  Ўқув-семинар давомида иштирокчилар Самарқанд тумани Қўштамғали маҳалласида сектор раҳбари ва маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспекторининг ҳамкорликдаги фаолияти билан танишди.Самарқанд шаҳридаги янги объектлар, тарихий-маданий ёдгорликларга саёҳатлар уюштирилди.

Беҳзод РАҲМАТУЛЛАЕВ,

Самарқанд вилояти ҳокимлиги

ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбари