Ҳуқуқ бир жойда қотиб қолмайди. Жамият билан бирга у ҳам ўзгаради. Сўнгги йигирма йилда интеллектуал мулк ҳуқуқи жиддий ривожланишнинг бир неча босқичини босиб ўтди. Энди ушбу соҳадаги қонунчиликни, хусусан, интеллектуал фаолият натижаларидан фойдаланишнинг янги электрон усулларини қамраб олиш имконини берадиган қўшимча ўзгаришлар арафасидамиз. Aммо бу соҳада ривожланишнинг умумий йўналишини, истиқболларини баҳолаш ва бир неча йил ичида, ҳатто ўнлаб йилларда тартибга солишнинг қайси моделига тушишимизни аниқлаш жуда муҳим.
Бу вазифа нафақат қизиқарли, балки жуда муҳим. Чунки қонунчилик жамиятнинг иқтисодий эҳтиёжларига жавоб берса-да, бунинг акси ҳам мавжуд — бизнеснинг муваффақияти, ҳеч бўлмаганда, қонунлар айрим моделларининг қўллашга тайёрлигига боғлиқ. Бундан ташқари, қонунчиликни ривожлантириш тенденциялари қандай шаклланишини тушуниб, унинг йўналишларини аниқлаган ҳолда, индивидуал хатолардан, шу жумладан, атайлаб охири йўқ йўлларни танлашдан қочиш, такомиллаштириш жараёнини бошқариш лозим.
Мамлакатимизда бозор ислоҳотлари бошланганидан бери Фуқаролик кодекси, “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги, “Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида”ги қонунларда интеллектуал мулк ҳимоясини тартибга солувчи ҳуқуқий нормалар тубдан қайта кўрилди. Ушбу соҳадаги қонунчилик, асосан, халқаро стандартларга яқинлаштирилди. Бундан ташқари, қабул қилинган қонунларда Ўзбекистон Республикаси иштирок этадиган халқаро шартномаларнинг ички миллий қонунчиликка нисбатан устуворлиги мустаҳкамланди. Ушбу қоида миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мувофиқ равишда янада такомиллаштириш учун зарур шарт-шароитлар яратди.
Айни пайтда интеллектуал фаолиятни тегишли илмий-техник даражада тутиб туриш учун қўшимча харажат ҳам талаб қилинмоқда. Бу эса, ўз навбатида, зиёлилар ижод объектининг капитал интенсивлигини оширади. Истеъмол қиймати юқори бўлган номоддий маҳсулотлардан фойдаланиш имконияти уларнинг капитал интенсивлигини қоплаш имконини беради.
Бугунги бозор иқтисодиёти шароитида бизнес кўплаб талаблар ва шартларнинг бажарилишини ўз ичига олган мураккаб ҳамда кўп қиррали жараёндир. Ушбу жараёнда кўпинча асосий омил унутилади — бу интеллектуал мулкдан самарали фойдаланиш ва ҳимоя қилишни таъминлаш масаласи. Бизнеснинг муваффақияти эса шунга боғлиқ. Ҳар қандай бизнес бирор ғоя ёки ақлли ечимга асосланган. Aгар бизнес тараққий этган бўлса, унда ривожланиш ва диверсификация йўналишлари мавжуд бўлиб, улар, ўз навбатида, асл ғоя ва янги ечимларга асосланади. Уларнинг равнақи ҳақида қайғурмасак ва ҳуқуқий ҳимоясини таъминламасак, рақобатчилар бизнес жараёнини сезиларли даражада мураккаблаштириши мумкин.
Мамлакатимизда интеллектуал мулкдан фойдаланиш бўйича вазиятни янада яхшилаш зарурати мавжуд. Бу интеллектуал маҳсулотлар учун цивилизация бозорини яратиш имконини бермайди. Интеллектуал мулк соҳасидаги биринчи долзарб масала — бу интеллектуал маҳсулот эгаларининг муаллифлик ва бошқа ҳуқуқларининг бузилиши ҳамда интеллектуал мулкни ҳимоя қилишдир. Унинг ечимини топиш иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш учун ҳам жуда муҳим.
Интеллектуал мулк соҳасидаги иккинчи масала — интеллектуал маҳсулот эгалари, жумладан, олим, муҳандис, технолог, ёзувчи ва бошқаларнинг ижтимоий даражаси пастлиги. Бундай маҳсулот муаллифлари кўпинча уни юртимиз ҳудудида ишлатишдан манфаатдор эмас. Чунки бир томондан янгилик жуда паст баҳоланади. Бошқа жиҳатдан, агар татбиқ этилса ҳам мулкий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш чоралари зарур даражада ишламайди. Бу эса чет элга сармоя киритиш ва фойдаланиш учун ўз тажрибаларини юқори даражада ўтказиш ниқоби остида жуда кўп ноёб ишланмаларнинг мамлакатимиздан чиқиб кетишига сабаб бўлади. Aммо бу жараёнда энг салбий ҳолат нафақат интеллектуал маҳсулот, балки муаллифларининг ҳам чет элга чиқиб кетишидир.
Интеллектуал мулк соҳасидаги учинчи масала — юқори самарали ишланма ва технологияларни ишлаб чиқариш ҳамда қўллаш даражасининг пастлиги. Бунинг иккита сабаби бор. Биринчиси кўрсатилган ишланмаларнинг нотўлиқлиги билан боғлиқ. Иккинчи жиддий сабаби — давлатда интеллектуал маҳсулотни ишлаб чиқариш ва бозорда илгари суриш учун ихтисослашган фирма ва ташкилотларнинг йўқлиги.
Тўртинчи масала — интеллектуал мулк соҳаси бўйича аҳолининг ҳуқуқий ва иқтисодий саводхон эмаслиги. Интеллектуал салоҳият юқори бўлган мамлакатда саноат мулки ва муаллифлик ҳуқуқи соҳасида давлатга жуда керакли мутахассисларни тайёрлаш учун таълим муассасаларини ривожлантириш зарурати мавжуд бўлади.
Ниҳоят, соҳадаги бешинчи масала — бу интеллектуал мулкнинг ҳар хил турларини товар сифатида ўтказиш нуқтаи назаридан баҳолаш тизими мезонлари ва тизимнинг ижобий даражада эмаслиги, яъни унинг инвестициявий жозибадорлиги инобатга олинмагани.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда интеллектуал мулк объектларини реализация қилишнинг ўзига хос хусусиятлари борлигини ёдда тутиш керак. Чунки бу иқтисодиётнинг умумий ҳолатини акс эттиради. Шу боис, миллий интеллектуал салоҳият йўқолишининг олдини олиш учун илм-фан ва таълимга сарфланадиган маблағни сезиларли даражада кўпайтириш, инновацион тадбиркорлик субъектларининг иқтисодий мотивациясини кучайтириш зарур.
Интеллектуал мулк объектларини рўйхатдан ўтказиш учун божларнинг юқори ставкада этиб белгилангани хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг бозоримизга кириб келишига тўсқинлик қилувчи омиллардандир.
Бундан ташқари, товар белгилари — бошқа ишлаб чиқарувчиларнинг брендини ўзлаштириб олиш ҳолатлари мавжуд. Дунёга машҳур бир қатор брендлар вакиллари бозоримизга киришда товар белгилари туфайли қийинчиликларга дуч келишди. Чунки улар дастлаб эгалик қилган брендлар айрим “ташаббускор” юртдошларимиз номига рўйхатдан ўтган.
Ушбу соҳадаги ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш орқали ҳуқуқ эгаларининг қонуний манфаатларини таъминлаш ва ҳимоя қилишга эътибор қаратилмаган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қоида тариқасида декларатив принцип асосида ишлайди: кимдир уларга мурожаат қилиши ва интеллектуал мулк ҳуқуқлари бузилганини кўрсатиши керак. Қонун ҳужжатларида виждонли ҳуқуқ эгаларининг манфаати бузилган тақдирда товон пули ундиришнинг самарали механизмлари назарда тутилмаган.
Шуларга қарамасдан, мамлакатимизда амалга оширилаётган сўнгги ўзгаришлар ва улардан кутилаётган натижалар соҳанинг ривожланишига катта ишонч уйғотмоқда. Бунга мисол тариқасида Президентимизнинг “Интеллектуал мулк соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги интеллектуал мулк агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, “Интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинганини таъкидлаш жоиз. Шунингдек, мамлакатимиз сўнгги йилларда бир қатор халқаро ҳуқуқий ҳужжатларни ратификация қилди.
Мухтасар айтганда, юртимизда интеллектуал мулк объектлари ҳуқуқий муҳофазаси билан боғлиқ қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, шу орқали ушбу объектларга нисбатан ҳуқуқ эгаларининг қонуний манфаатларини ишончли муҳофаза қилиш тизимини яратиш, шунингдек, соҳага доир давлат органлари фаолияти самарадорлигини оширишга эътибор янада ортмоқда. Зеро, интеллектуал мулк иқтисодий тараққиётнинг муҳим асосидир.
Ирода ЯҚУБОВА,
Тошкент давлат юридик университети
интеллектуал мулк ҳуқуқи кафедраси доценти