Корхона 106 гектар майдонда интенсив мевали боғ ташкил этиш учун “Агробанк” АТБдан кредит олган. Бироқ боғ ҳосилга кириб, даромад келтира бошлагунга қадар кредитни қайтариш муддати келгани сабабли молиявий қийинчиликлар юзага келган.
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Тўловга қобилиятсизлик ишлари агентлиги кўмагида қарздор ва банк ўртасида музокаралар ўтказилди. Натижада қолган 14,59 млрд сўм қарзни 24 ой давомида, ҳар ойда 608 млн сўмдан тўлаш бўйича келишувга эришилди.
Келишув битими Бухоро вилоят судининг 2026 йил 8 октябрдаги ажрими билан тасдиқланди. Тўловга қобилиятсизлик иши тугатилиб, корхона фаолияти қайта тикланди.
Бу ҳолатда қарзни ундириш билан бирга, корхонанинг ишлашда давом этиши, боғнинг келгуси ҳосили ва юзлаб мавсумий ишчиларнинг бандлигини сақлаб қолишга ҳам эришилди.
Тўловга қобилиятсизлик ҳолати ҳар доим ҳам корхона фаолияти тугаши кераклигини англатмайди. Тўғри ечим ва ўзаро келишув орқали корхонани қийин вазиятдан олиб чиқиш, иш ўринларини сақлаш ва иқтисодий фаолиятни давом эттириш мумкин.
Тўловга қобилиятсизлик ишлари агентлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими