Мулоқот чоғида икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли муносабатларни, хусусан, парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Суҳбатда таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Иордания халқларини муштарак тарих, маданий алоқалар ва умумий қадриятлар боғлаб туради. Бугунги кунда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик изчил кенгайиб бормоқда.

Учрашувда 2025 йилда Иордания Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайннинг Ўзбекистонга амалга оширган илк давлат ташрифи икки томонлама муносабатлар тарихида янги босқични бошлаб бергани алоҳида қайд этилди. Ушбу ташриф доирасида имзоланган ҳужжатлар ва қабул қилинган «йўл харитаси» айни пайтда ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Ўз навбатида, Файсал Акиф ал-Фаез Ўзбекистон томонидан юзлаб фаластинликларга бошпана берилгани, уларга кўрсатилаётган ижтимоий ҳимоя ва инсонпарварлик ёрдамини юксак баҳолаб, Яқин Шарқ мамлакатлари номидан самимий ташаккур билдирди.

Томонлар савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни жадаллаштириш, ҳукуматлараро қўшма комиссия фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш юзасидан фикр алмашдилар. Шунингдек, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, кончилик, таълим ва туризм йўналишларида алоқаларни фаоллаштиришга эътибор қаратилди. Парламентлар даражасида қонун ижодкорлиги ва парламент назорати бўйича тажриба алмашиш муҳимлиги таъкидланди. Қайд этилганидек, шу йилнинг январь ойида Олий Мажлис Сенатида Иордания парламенти билан ҳамкорлик бўйича гуруҳ ташкил этилган бўлиб, эндиликда қўмиталар ўртасида ҳам мунтазам мулоқот йўлга қўйилади.

Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Мажлис ал-Аён ўртасида Англашув меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжат икки мамлакат юқори палаталари ўртасидаги ҳамкорликни тизимли асосда ривожлантиришга хизмат қилади. Учрашув сўнгида Файсал Акиф ал-Фаез Олий Мажлис Сенатининг Фахрий меҳмонлар китобида дастхат ёзиб қолдирди.