Маълумот ўрнида, 1992 йил республиканинг барча вилоятлари қаторида Наманган божхонаси ташкил этилди. Дастлаб бошқарма тасарруфида тўққизта божхона постлари мавжуд бўлган. Бугун эса «Наманган аэропорт», «Косонсой», «Поп» ва «Учқўрғон» чегара божхона постлари ҳамда «Наманган» ва «Чуст» ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари бор. Бошқарманинг «Косонсой» ва «Учқўрғон» чегара божхона постлари Қирғизистон билан туташ ҳудудда, «Поп» чегара божхона пости эса Тожикистон билан чегарадош ҳудудда жойлашган.
Бошқарма тизимида айни кунда малакали, юксак салоҳиятли ходимлар туну кун ҳушёрлик ва сергаклик билан ўзларига юклатилган вазифаларни шараф ва матонат билан адо этмоқдалар. Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини ва назоратнинг техник воситаларини қўллаш, божхона ишини ривожлантириш ва такомиллаштиришнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқишга алоҳида аҳамият берилмоқда.
Статистик маълумотларга эътибор қаратадиган бўлсак, бошқарма тасарруфида бўлган «Наманган аэропорт», «Косонсой» ҳамда «Поп» чегара божхона постлари орқали 2017-2021 йиллар мобайнида ҳаракатланган 2 893 694 нафар фуқаро, 51 895 та автотранспорт воситаси, 4185 та авиатранспорт воситаси ҳамда 40 994 та темирйўл вагони божхона назоратидан ўтказилди. Шунингдек, бошқарма тасарруфидаги постларда 60990 та божхона кўриги амалга оширилган бўлиб, 264 та ҳолатда 14,8 миллиард сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.
Бошқарма томонидан ўтган беш йил мобайнида импорт қилинган товарларга қонунчиликда белгиланган ставкалар асосида 8,8 триллион сўм миқдорида тўловлар ҳисобланиб, шундан 7,3 триллион сўм қисмига имтиёзлар берилиб, қолган 1,5 триллион сўми давлат бюджетига ўтказилиши таъминланди. Имтиёзлар тадбиркорлик субъектлари томонидан олиб келинган технологик асбоб-ускуналар, хомашё ва бутловчи буюмларга, янгидан қурилиб, ишга туширилаётган ҳамда фаолият кўрсатаётган корхоналарни иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида қўлланилди.
Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда вилоятимиз республикада энг юқори ўринларда туради, десак муболаға эмас. Ушбу кўрсаткичларни юқорига кўтараётган экспорт салоҳияти баланд корхоналар сифатида «Textile Finance Namangan», «Ft Textile Group», «Art Soft Holding», «Uchkurgan Textile», «Uztex Uchkurgan», «Chust Textile», «Toshbuloq-Teks», «Namangan To’qimachi», «Uz Chasys», «Nafis-Charm» ҳамда «Iftiхor kiyim sanoat» масъулияти чекланган жамиятларини мисол қилиш мумкин.
Вилоят божхона бошқармаси тасарруфидаги ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари орқали 2017-2021 йиллар мобайнидаги 1,2 миллиард АҚШ долларлик товар ва маҳсулотлар экспорт божхона режимига, 2,2 миллиард АҚШ долларлик маҳсулотлар импорт божхона режимига расмийлаштирилган. 2019-2021 йиллар мобайнида «Наманган» ташқи истисодий фаолият божхона пости томонидан 89 680 та божхона юк декларацияси расмийлаштирилган бўлиб, «Хавфларни бошқариш» ААТ томонидан ушбу декларацияларнинг 40963 таси қизил, 32567 таси сариқ ҳамда 16150 таси яшил йўлакларга йўналтирилган. Экспорт товарларининг асосий қисмини тўқимачилик, калава ип, мева-сабзавот, тери, транспорт ва унинг эҳтиёт қисмлари ҳамда бошқа саноат маҳсулотлари ташкил этди. Ҳозирда вилоятда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар 50 дан ортиқ мамлакатга экспорт қилинмоқда.
Сўнгги йилларда божхона тартиб-таомилларини янада соддалаштириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, 10 та рухсат бериш тартиби, ТИФ ТН коди бўйича экспертиза хулосасини талаб этиш ва контрактларни ҳисобга қўйиш шартлари бекор қилинди. Тўловларни мобиль-банкинг хизмати орқали онлайн ўтказиш йўлга қўйилди. БЮДларни автоматик рўйхатга олиш ва тақсимлаш жорий этилди (жараёнга илгари 2-3 соат вақт кетган бўлса, ҳозир 5 дақиқа сарфланмоқда).
Хавфни бошқариш автоматлаштирилган ахборот тизими босқичма-босқич режимда 2018 йил 1 декабрдан бошлаб «сариқ йўлак» ва «қизил йўлак», 2019 йил 1 мартдан «яшил йўлак» тартиблари жорий қилинди. Натижада 2018 йилга нисбатан 2021 йилда божхона кўриклари сони 2,8 баробарга камайиб, самарадорлиги 27 баробарга ошди, расмийлаштирув вақти экспортда 1,8 баробарга, импортда 1,5 баробарга қисқарди.
Юкларни оз фурсатларда ортиқча текширувларсиз чегаралар орқали ҳаракатланишига шароит яратиш мақсадида автомобиль ва темирйўл чегара божхона постларида хавфларни бошқариш ахборот тизими фаолияти йўлга қўйилди ва бу сарфланадиган вақтлар икки баробарга қисқаришига олиб келди. Товар ва транспорт воситалари расмийлаштируви жараёнини янада соддалаштиришга ҳамда тадбиркорларнинг фаолиятига аралашмаган ҳолда, импортнинг қонунийлигини сифатли назорат қилишда тизимда божхона аудити жорий этилди.
Соҳа фаолиятининг такомиллашуви мамлакатимизда иқтисодий хавфсизликни таъминлашга хизмат қилмоқда. Намангандаги бизнес ва тадбиркорликнинг барқарор ривожланишида шубҳасиз, вилоят божхона бошқармасининг алоҳида ҳиссаси бор.
Қудрат ОТАБАЕВ,
Наманган вилоят божхона бошқармаси бўлим бошлиғи,
божхона хизмати майори