Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Лондон университети (University of London) ҳамкорлигидаги халқаро қўшма таълим дастурини очишга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, “Эл-юрт умиди” жамғармаси раҳбар ва масъул ходимлари, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Британия кенгаши вакиллари, LSE раҳбарияти каби нуфузли меҳмонлар иштирок этди.
Маълумки, Буюк Британия таълими ва инновацияси бутун дунёда ўз ютуқлари билан ном қозонган. Лондон иқтисодиёт ва сиёсий фанлар мактаби (London School of Economics and Political Science) Times higher Education халқаро рейтингида 27-ўринни, QS рейтингида ижтимоий фанлар ва менежмент бўйича дунёда 2-ўринни, буғалтерия ва молия йўналиши бўйича эса 4-ўринни эгаллаб турибди. Мазкур университет билан 2020 йилнинг 13 ноябрда ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиб, меморандум имзоланган эди. Мазкур халқаро қўшма таълим дастури фаолиятини йўлга қўйиш учун ТДИУда 4 босқичдан иборат муҳим жараён муваффақиятли амалга оширилди.
Буюк Британиянинг 17 та нуфузли олий таълим муассасаларидан иборат Лондон университети (University of London) федерацияси кенгаши мазкур қўшма таълим дастурини маъқуллади. Лондон иқтисодиёт ва сиёсий фанлар мактаби (LSE) академик раҳбарлиги асосида ТДИУ ва Лондон университети (University of London) ҳамкорлигидаги халқаро қўшма таълим дастурига қабул жараёни 2021/2022 ўқув йилидан режалаштирилган.
Дастурнинг ўзига хослиги шундан иборатки, битирувчилар Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Лондон университети (University of London) дипломини қўлга киритади. Ўқитиш жараёни тўлиқ инглиз тилида бўлиб, ўқув материаллари ва якуний назорат синовлари Лондон иқтисодиёт ва сиёсий фанлар мактаби (LSE) томонидан тайёрланади, баҳоланади. Бу эса, ўқиш жараёнида шаффофлик ва таълим сифатини таъминлайди.
Мазкур қўшма таълим дастурига 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб қуйидаги бакалавриат таълим йўналишлари бўйича қабул амалга оширилади:
- Бугалтерия ҳисоби ва молия (Accounting and finance);
- Иқтисодиёт (Economics);
- Банк иши ва молия (Banking and finance).
Ушбу қўшма таълим дастури битирувчиларга мамлакатимиз ва хорижнинг нуфузли ташкилотларида ўз фаолиятларини олиб боришларига имконият яратиб беради. Лойиҳа орқали талабалар энг яхши билим ва кўникмаларга эга бўлган ҳолда, янги ғоялар ва тажрибалар билан юртимиз келажагига муносиб ҳисса қўшишига ишонамиз.