Шу боис, юртимизда ҳам хорижий инвесторлар билан ҳамкорликни ривожлантириш, янги ишлаб чиқариш ва иш ўринлари ташкил этиш борасида кенг қамровли ишлар амалга ошрилмоқда.
Сўнгги йилларда инвестициялар ҳажмини ялпи ички маҳсулотнинг 30 фоизидан оширишга эришилди. Кенг кўламли ва самарали ислоҳотлар натижасида ялпи ички маҳсулот ҳажми илк бор 80 миллиард доллардан ошди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 11 июль куни инвестициялар жалб қилишни янада кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилишида ҳам тармоқ ва ҳудудлардаги инвестиция кўрсаткичлари, лойиҳалар ижроси ва йил якунигача бўлган устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Эътиборлиси, йиғилишда давлатимиз раҳбари йилнинг ўтган олти ойида республикамизда инвестициялар фаол ўзлаштирилган саноқли шаҳар ва туманлар қаторида Фориш туманини ҳам тилга олди. Бу бежиз эмас, албатта.
Кейинги йилларда бутун мамлакатимизда бўлгани каби Форишда ҳам саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш, тадбиркорлик йўналишларида кўплаб янги лойиҳалар амалга оширилди. Жалб қилинган хорижий инвестициялар ҳажми ошди. Туманнинг иқтисодий кўрсаткичлари юксалмоқда.
Агар Форишнинг яқин тарихига назар ташласак, у вилоятнинг энг қолоқ туманларидан бири эди. Аҳолиси асосан чорвачилик билан шуғулланар, ишлаб чиқариш, саноат деярли йўқ эди. Инвестиция жалб қилиш ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўларди.
Аммо янги ислоҳотлар сабаб, бугун Фориш мамлакатимизнинг чин маънода ривожланаётган туманларидан бирига айланди. Жумладан, жорий йил январь–июнь ойларида туманда жами 110,1 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кафолатланмаган хорижий кредит ўзлаштирилди. Бу кўрсаткич 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 140 фоизни ташкил этди.
Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинган давлатлар сони 2021–2022 йилларга нисбатан сезиларли равишда ошди.
– “Basalt wool” МЧЖнинг базальтдан минерал плита ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси доирасида 44,8 миллион доллар, “Жиззах цемент” МЧЖ ХКнинг цемент ишлаб чиқариш лойиҳасида 20 миллион доллар, “Rockfiber” МЧЖнинг узлуксиз базальт тола ишлаб чиқариш лойиҳасини ташкил этиш доирасида 36,3 миллион доллар хорижий инвестициялар ва кредитлар жалб этилди, – дейди Фориш туман ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Темур Саъдуллаев. – Жорий йил якуни билан жами 248,3 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестициялар ва кафолатланмаган хорижий кредитлар ўзлаштирилиши таъминланади ва 2022 йилга нисбатан ўсиш суръати 121 фоизга етказилади.
Туманда 2023 йилда жами қиймати 3,7 триллион сўмлик 42 та лойиҳада 974 та иш ўрни, шундан инвестиция дастурлари доирасида 3,6 триллион сўмлик 21 та лойиҳада 853 та иш ўрни яратилиши белгиланган.
Жорий йилнинг январь–июнь ойларида умумий қиймати 1,6 триллион сўмлик 6 та лойиҳа ишга туширилиб, 288 та иш ўрни яратилган. Жумладан, “Rockfiber” МЧЖ ҚК томонидан ишга туширилган лойиҳа сабаб 205 иш ўрни яратилган бўлса, “Goldfiber pro” МЧЖ томонидан умумий қиймати 981 миллиард сўмлик базальт толасини ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилиб, 51 кишининг доимий бандлиги таъминланди.
– Туманда 2023 йил учун 13 миллион 248,3 минг доллар миқдорида экспорт прогнози белгиланган. Унинг 11 миллион 889 минг доллари саноат маҳсулотлари ва 1 миллион 359,3 минг доллари қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келади. Бу 2022 йил амалга оширилган экспортга нисбатан 1,5 баробар кўп дегани, –давом этади ҳоким ўринбосари. – 2023 йилнинг 1 ярим йиллиги учун 3 миллион 338,2 минг доллар (шундан, саноат маҳсулотлари 2 миллион 271,1 минг доллар ва қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотлари 1 миллион 67,1 минг доллар) миқдорида маҳсулот ва хизматлар экспорти прогнози белгиланган бўлса-да, амалда 3 миллион 478,5 минг доллар миқдорида экспорт амалга оширилди ва прогноз ижроси 104,2 фоизга бажарилди.
Саноат маҳсулотлари экспорти 3 миллион 235,8 минг доллар ёки 143 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 242,7 минг доллар (23 фоиз)га уддаланди. Йил якуни билан 13,2 миллион доллар экспорт кўрсаткичи ижроси таъминланади.
Дарҳақиқат, Фориш туманининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун улкан имкониятлар мавжуд. Давлатимиз раҳбари бундан беш йил олдин туманга ташрифи чоғида “Фориш имкониятлари бўйича энг бой туманлардан бири. Лекин ҳозир бошқа ҳудудлардан бироз орқада. Бу ернинг қишлоқ хўжалиги, геология, қайта ишлаш соҳаларидаги имкониятларини тўғри ишга солса, аҳоли фаровонлиги, маҳаллий бюджетни ошириш мумкин”, деб таъкидлаган эди. Форишликлар давлатимиз раҳбарининг мазкур иқтибосидан илҳомланиб, белни маҳкам боғлаб, бугун турли соҳаларда қўлга киратаётган улкан ютуқлари билан ушбу сўзларнинг тўғрилигини, туман кенг имкониятлар майдони эканини исботламоқда. Ислоҳотлар натижасида Фориш тумани беш йил олдинги дотация олувчи тумандан бугун ўзини ўзи таъминловчи, қолаверса, туман бюджетини ортиғи билан бажариб, қолган маблағлар ҳисобига кўплаб лойиҳаларни молиялаштиришга қурби етадиган иқтисоди бақувват туманга айланди.
Туманнинг биргина инвестициялар жалб қилиш борасидаги ютуқ ва имкониятларидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, туман яқин орада республикамизнинг энг ривожланган ҳудудларидан бирига айланади.
Фарҳод НЕЪМАТОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири