Ироқнинг Эрбиль вилоятидаги базага қилинган ҳужумда 7-Альп баталонининг француз адъютанти Арно Фрион ҳалок бўлди. Бу ҳақда Франция Президенти Эммануэль Макрон 13 март куни эълон қилди, деб хабар берди regnum.ru.
“Мен унинг оиласи ва жанговар дўстларига бутун халқнинг миннатдорчилиги ва бирдамлигини билдирмоқчиман. Бир нечта ҳарбий хизматчимиз яраланди”, деб ёзди Макрон X ижтимоий тармоғида.
Унинг қўшимча қилишича, Эрондаги вазият бундай ҳужумларни оқлай олмайди. Унинг сўзларига кўра, француз қўшинлари терроризмга қарши кураш келишуви доирасида минтақада бўлиб турибди.
28 февраль куни Исроил ва АҚШ Эронга қарши “Арслоннинг наъраси” ва “Епик ғазаб” ҳарбий операцияларини бошлади. Теҳрон ва Бушир каби Эрон шаҳарлари кучли ракета ҳужумига учради. Минобдаги қизлар бошланғич мактаби дарслар пайтида тўғридан-тўғри зарбага дуч келди. Бунга жавобан Эрон ракеталар ва дронлар ёрдамида кенг кўламли операция бошлади.
3 март куни Макрон Яқин Шарқдаги беқарор вазият туфайли Франция ўзининг “Шарль де Голл” авиаташувчисини зарба бериш гуруҳ билан Ўрта ер денгизига юборишини эълон қилди. Авиаташувчи аввалроқ Болтиқ денгизида НАТО машқларида иштирок этган эди. Авиаташувчи миссияни тўхтатишга мажбур бўлди ва Эронга яқинроқ жойга йўналтирилди.
13 март куни Ироқнинг Эрбиль вилоятидаги Маҳмур шаҳридаги базага дрон ҳужуми оқибатида олти нафар француз ҳарбийлари жароҳат олди. Rudaw телеканалига кўра, камида иккита дрон Мала Кара туманига ҳужум қилди.