Мамлакатимизда аҳоли бандлиги масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2021 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги қарорига асосан, Жамоат ишлари жамғармаси томонидан қатор ишлар бажарилди. Жумладан, ўтган йилнинг январь-декабрь ойлари учун тасдиқланган харажатлар сметасига асосан туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан 298,3 минг нафар ишсиз, банд бўлмаган фуқарога ҳақ тўланадиган жамоат ишларида иштирок этгани учун 234 миллиард cўм тўлаб берилди.
Ушбу ҳақ тўланадиган жамоат ишларига аҳоли пунктлари, маҳаллалар ва бошқа ҳудудларда бажарилган ободонлаштириш ишлари, уй-жой, коммунал ва бошқа инфратузилма объектлари, кўчалар, йўллар ва пиёдалар юриш йўлаклари, ирригация ва мелиорация тармоқларини тозалаш, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари киради. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини йиғиш, саралаш, сақлаш ва қайта ишлаш ногиронлар, кексалар, беморлар ҳамда якка-ёлғиз, ўзгалар парваришга муҳтожларга хизмат кўрсатиш, саноат тармоқлари ва хизмат кўрсатиш, объектларни қуриш ва реконструкция қилиш, “Обод маҳалла” ва “Обод қишлоқ” дастурлари доирасидаги ишлар, уруш ва меҳнат фахрийларига патронаж хизмати кўрсатиш шулар жумласидан.
Бундан ташқари, Жамоат ишлари жамғармаси томонидан ёшлар ва хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусини амалга оширишга кўмаклашиш, “маҳаллабай” ишлаш тизими орқали маҳаллий бошқарув органларини аҳолига янада яқинлаштириш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳам муайян ишлар қилинди. Жумладан, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган ишсиз аҳолининг доимий бандлигини таъминлаш учун жамғарма маблағлари ҳисобидан 6,1 миллиард сўмлик 1134 дона асосий восита ва инвентарлар харид қилиниб, тадбиркорлик субъектларига ижарага берилди. Натижада 1808 нафар ишсиз хотин-қиз ва ёшларнинг доимий бандлиги таъминланди. Энг асосийси, 843 та оиланинг камбағалликдан чиқарилишига эришилди.
Яқинда юртимизга ташриф буюрган хорижлик меҳмон билан мамлакатимизда амалга оширилаётган мана шу ишлар ҳақида суҳбатлашиб қолдик. Меҳмон сўзларимизни таажжуб билан тинглагач, Нобель мукофоти соҳиби Муҳаммад Юнус ҳақида сўзлаб берди. Мукофот Бангладешда қашшоқликни бартараф этиш лойиҳасини бошлаган Муҳаммад Юнус ва у ташкил этган Grameen банкига берилган. Муҳаммад Юнус Бангладешда аҳолининг кам таъминланган қатлами учун микрокредитлар бера бошлаган дастлабки банклардан бирининг асосчиси. 1974 йилда ташкил этилган Grameen банки қишлоқ аҳолиси, асосан, аёлларга ўз бизнесини йўлга қўйиши учун микрокредитлар ажрата бошлаган. Ушбу лойиҳага “Аҳолининг кенг қатлами қашшоқликдан қутулиш имконини тополмас экан, давомли тинчликка эришиб бўлмайди. Қуйи томондан ривожланиш ҳам демократия ва инсон ҳуқуқларини илгари суришга хизмат қилади”, дея баҳо берилган.
Ушбу суҳбатдан хулоса шу бўлдики, камбағалликни қисқартиришнинг энг самарали усули — кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш. Ўзини ўзи банд қилган тадбиркор фақат ўзини эмас, бошқаларни ҳам даромадли қилади.
Ўтган йилги самарали ишларимиздан яна бири ҳудудлардаги ишсиз аҳолига хизмат кўрсатувчи мономарказларни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси бўлди. Масалан, Гулистон шаҳридаги мономарказда жойлашган “Мbj textil products” масъулияти чекланган жамиятига Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан умумий қиймати 207,1 миллион сўмлик 31 дона тикув машинаси ижарага берилди. Бунинг натижасида икки сменали иш ташкил этилиб, 60 та иш ўрни яратилди. Мономарказ тингловчиларига бир вақтнинг ўзида ҳам назарий, ҳам амалий машғулотлар ўтилмоқда. Шунингдек, уларни тадбиркорликка ўргатиш ишлари ҳам йўлга қўйилди.
Мухтасар айтганда, ўтган қисқа вақтда аҳоли бандлигини таъминлашнинг мўъжаз формуласи яратилди. Бошланган янги йилда ҳам мана шу формула асосида аҳолининг ишсиз қатламини ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш, бандлик масаласини самарали ҳал этиш доимий диққатимиз марказида бўлади.