Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, «Ишга марҳамат» мономаркази раҳбарлари, Япониянинг «Sanko global group» МЧЖ, «Nippon educational academy» МЧЖ масъул ходимлари иштирокида ўтказилган видеоконференцалоқа шаклидаги учрашувда икки давлат ўртасида тартибли ва хавфсиз меҳнат миграциясида ҳамкорликни кенгайтириш, Японияда ишлаш истагидаги фуқароларимизга япон тилини ўқитиш, уларга зарур касбларни ўргатиш масалалари муҳокама этилди.

Маълумот ўрнида, Япониянинг йирик компанияларидан бири «Nippon educational academy» тасарруфида 4 та коллеж, 1 та меҳмонхона (Riga Royal Hotel), KFC тармоқлари, қариялар уйи, ресторанлар, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхоналари мавжуд.

Учрашувда «Ишга марҳамат» мономаркази, Япон тили ва касбий малака тест маркази ҳамда Япониянинг «Nippon educational academy» МЧЖ ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

Келишувдан кўзланган мақсад Японияга махсус малакали ишчиларни юбориш лойиҳаси доирасида «Nippon educational academy» методологияси асосида ўқитиш ва битирувчиларга ушбу таълим муассасаси сертификатини беришдан иборат.

Шунингдек, «Nippon educational academy» ўқув курсларини битирган фуқаролар ушбу таълим маскани томонидан махсус малака тестини топширган ҳолда япониялик иш берувчиларга малакали мутахассис сифатида тавсия қилинади.

Ўқув курсларида япон тили, қарияларни парваришлаш, қишлоқ хўжалиги бўйича дарслар ташкил этилади. Дарслар мономарказнинг ўзида, шунингдек, онлайн тарзда олиб борилади, деб хабар беради Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати.