Мактабда бошланғич синфда ўқиган кезларимдаёқ спортга меҳр қўйдим. Жисмоний тарбия фанини яхши кўрар, тенгдошларимга қараганда тез югурар эдим. Бироқ 10 ёшимда бахтсиз ҳодисага учраб, бир оёғимдан айрилдим. Икки йўл орасида тирик қолиш бахт экан. Яқинларим ҳам, ўзим ҳам тирик қолганимга шукр қилдик: тақдирга битилгани шу экан. Бахтсиз ҳодисадан сўнг руҳим чўкиб қолди. Бу чоҳдан ўзимни қутқариш учун мактабимиздаги баскетбол машғулотига мунтазам қатнадим.
3 йиллик машқлардан сўнг пневматик милтиқдан ўқ отишга қизиқиб қолдим. Бироқ бу спорт тури ҳам ҳаё тимдаги бўшлиқни тўлдира олмасди. Коллежда ўқиб юрган кезларим эса Артём Кармеев параканоэ билан шуғулланиб кўришимни тавсия қилди. Параканоэ, бугун фахр билан айта оламанки, мени кашф қилди: нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон ареналарида Ўзбекистон билан менинг исмим ёнма-ён янграй бошлади.
2016 йили Ўзбекистон терма жамоаси сафига қабул қилиндим. Ўша йили Самарқандда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида иштирок этиб, кумуш медални қўлга киритдим. Илк ғалаба қатор-қатор медаллар шодасини қўлга киритишимга йўл очди: Чехияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида 2-ўрин (2017 йил), Таиланддаги Осиё чемпионатида 1-ўрин (2017 йил), Венгриядаги жаҳон кубоги ғолиби (2018 йил) сифатида эътироф этилди. 2019 йилнинг май ойида Польшада бўлган жаҳон кубогида шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олдим. Ўша йили Венгрияда ўтган жаҳон чемпионатида ҳам олтин медаль, ҳам Токио Олимпиада ўйинларига лицензияни қўлга киритдим.
Каноэда эшкак эшиш дастлаб вақтимни мазмунли ўтказувчи машғулот бўлган бўлса, ҳозир ҳаётимни усиз тасаввур қила олмайман.
Ёшлар куни муносабати билан бўлиб ўтган учрашувда Президентимизнинг Токио Олимпиадасига йўлланмани қўлга киритган спортчиларга муносабатидан бошим кўкка етди. Нафақат биз, бизни тарбиялаган, камолга етказган ота-оналаримиз, устоз ва мураббийларимиз ҳам мамнун бўлди. Бу ишонч ғалаба қозониш учун енгилмас қувват манбаи эмасми?!
Шаҳноза МИРЗАЕВА,
Каноэда эшкак эшиш бўйича жаҳон чемпион