Унда жорий йил 6 ноябрда Олий Мажлис палаталарининг қўшма йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан белгилаб берилган келгуси беш йилга мўлжалланган устувор йўналишлар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Мажлисда таъкидланганидек, Янги Ўзбекистон – тарихий тараққиётнинг яна бир янги босқичига қадам қўйди. Мамлакатимизда эркин ва демократик, очиқ ва ошкора, соғлом рақобат ва сиёсий кураш муҳити, холис ва ҳаққоний, тўлиқ адолат тамойиллари асосида ўтган сайловлар Президентимиз Шавкат Мирзиёев Янги Ўзбекистонни барпо этиш ҳамда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек буюк мақсад йўлида бутун халқимизни жипслаштира олганлигини яққол намоён этди.
Президентлик лавозимига киришишга бағишланган тантанали маросимда давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бутун куч ва салоҳиятимиз ягона улуғ мақсад – Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилади. Асосий қомусимиз кафили сифатида Конституция ва қонунларимиз талабларини сўзсиз бажариш, «Инсон қадри учун» деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқариш бундан буён ҳам бош мезон бўлиб қолади. Ислоҳотлар жараёнида парламентнинг ўрни ва роли янада ортиб боради.
Сенаторлар Президентимиз таклиф этган «инсон – жамият – давлат» деган янги тамойил асосида иш олиб борилиши, ҳар бир хонадон ва маҳаллада, бутун юртимизда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш, жаҳон ҳамжамияти билан дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган стратегик йўлни янада изчил давом эттирилишига пойдевор бўлишига урғу бердилар.
Шунингдек, мажлисда давлат раҳбари томонидан илгари сурилган келгусида еттита йўналишда олиб бориладиган устувор вазифалар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтилди. Бу йўналишларнинг барчаси мамлакатимиз тараққиёти, тинчлик-осойишталиги, халқимиз фаровонлигини таъминлашга асос бўлиши эътироф этилди.
Мажлисда эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, «Янги Ўзбекистон – халқчил ва инсонпарвар давлат» ғоясини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратиш, келгусида давлат функцияларининг катта қисми марказдан ҳудудларга ўтказилиши, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари ҳамда ҳокимлар ваколатларини аниқ белгилашга оид қонуний асослар яратилиши ҳақида ҳам сўз юритилди.
Бундан ташқари, сифатли таълим-тарбия масаласи давлатнинг доимий эътибор марказида бўлиши, ёшларнинг қобилият ва истеъдодларини рўёбга чиқариш, Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида камол топтириш каби қатор масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Мажлис давомида иштирокчилар томонидан давлат раҳбари нутқида қайд этилган долзарб масалалар юзасидан муносабат билдирилди.
Мажлис сўнгида мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари томонидан давлат раҳбари белгилаб берган муҳим вазифалардан келиб чиққан ҳолда истиқболли режалар ишлаб чиқилиши ҳамда амалиётга татбиқ этилишида парламент ва ижро ҳокимиятининг яқин ҳамкорлиги йўлга қўйилиши белгилаб олинди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.