Мустақиллик ўзи нима? Мустақиллик бу – шу мамлакатда яшаётган ҳар бир инсоннинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларининг рўёбга чиқишидир.
Бугун муқаддас она заминимизнинг мустақил бўлганига, ўзининг эркин тараққиёт йўлини танлаганига ҳам 33 йил тўлди. Мана шу қисқа муддат ичида мамлакатимиздаги ўзгаришларни фахр билан тилга олишимиз мумкин. Мустақиллик юртимизда ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш имкониятини берди. Ўзбекистон Республикасининг мустақиллиги эълон қилинган санадан бошлаб, юртимиз фуқаролари ўз тақдирларининг ҳақиқий эгалари бўлишни, ўз қадр-қимматини тўлиқроқ англашни ва энг муҳими, бахтли ҳаёт кечиришни ўрганди.
Бугунги кунда Президентимизнинг оқилона сиёсати туфайли мамлакатимизда барча устувор йўналишлар жадал ривожланмоқда, десак асло муболаға бўлмайди. Сўнгги беш йилда Президентимиз томонидан қатор давлат дастурлари, концепциялар ва миллий стратегиялар қабул қилиниши самарасида иқтисодиётнинг барча тармоқларида муҳим натижалар қўлга киритилди.
Шунингдек, бугун мамлакатимиз фан, таълим, спорт ва яна кўплаб соҳаларда юқори марраларни забт этишда давом этиб келмоқда. Биргина таълим соҳасидаги ўзгаришларни таҳлил этар эканмиз, олий таълим тизимидаги ёшларга берилаётган имкониятларни эътироф этмасак бўлмайди. Ёшларни олий таълимга қабул қилишда ҳам бир неча ўзгартириш ва қулайликлар киритилганлигининг ўзи ҳам ёшларга берилган имконият ҳисобланади.
Жумладан, олдинги йилларда квоталар сони олий таълим муассасалари кесимида шаклланган бўлса, жорий йилдан бошлаб таълим йўналишлари кесимида эълон қилинадиган бўлди. Бу жараёнда иқтидорли ёшлар ўзлари танлаган йўналиш доирасида имтиҳон жараёнида иштирок этадилар ва кейинги босқичга ўтган талабаларгина олий таълим муассасасини танлаш имкониятини қўлга киритадилар.
Янги ўқув йилидан бошлаб давлат гранти талабалар учун таълим гранти сифатида берилади ҳамда бу грант ҳар йили талабаларнинг ўқув жараёнидаги аъло баҳолари ва кўрсаткичларига қараб қайта тақсимланади. Бу эса талабалар ўртасида эркин билим рақобатини ошишига ва таълим жараёнида талабаларнинг ўз устиларида янада яхши иш олиб боришларига замин яратади.
Жонажон она ватанимиз ҳисобланган Ўзбекистонимизда инсон қадри ва қиммати, шаъни ва ғурурини юксак поғонага кўтарилаётгани ҳамда бу борада ҳар соҳада чуқур ислоҳотлар олиб борилаётганлиги юртимиз тинчлик ва осойишталикка эришганлигидан далолатдир.
Низомиддин ҚУЛДАШEВ,
Фарғона давлат университети
Тилшунослик кафедраси мудири,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.
Ҳамкорлик материали