Ёруғ юз ва катта хурсандчилик билан сиёсий жараёнда қатнашиб, муносиб танловларини билдиришмоқчи. Хонадон соҳиблари - Фарҳод Раҳмонов «Қўрғонча» маҳалла фуқаролар йиғини раиси, Малика Раҳмонова педагог, 27-мактабда ишлайди.

Наманган муҳандислик-қурилиш институтининг қурилиш факультети талабаси Аҳмаджон Мухторжонов ўзини юртга дахлдор оила фарзандиман деб ҳисоблайди ва фахрланади. Бунинг сабаблари етарлича, албатта. Онаси муҳтарам Президентимиз томонидан тикланган махсус сиртқи йўналишида таҳсил олиб, 40 ёшида бакалавр дипломига эга бўлди. Ҳозирда янада шижоат билан мактабда бошланғич синф ўқитувчиси сифатида ўқувчиларга билим бермоқда. Дадаси умрининг ярмини олий маълумотли бўлиш орзусида ўтказаётганди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан маҳалла тизимида бир неча йиллардан буён фаол хизмат қилиб келаётган ходимларни талабаликка грант асосида қабул қилиниши ортидан Фарҳод ака ҳам айни пайтда олий ўқув юрти талабаси. Қолаверса, Юртбошимиз имзоси билан «Меҳр-саховат» ва «Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги» эсдалик кўкрак нишонлари билан тақдирлангани касбига меҳри ошишига замин яратди. Қизиғи шундаки, 43 ёшли 1-босқичда ўқиётган ота ва 21 ёшли 4-босқични якунлаётган ўғил биргаликда, меҳр билан, елкама-елка туриб дарсларни тайёрлашяпти. Ислоҳотлар ҳам оилани бирлаштиришига, жипслаштиришига яққол мисолдир.

Яна Аҳмаджонга қайтсак. Талабаларни иш билан таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар натижасида институт иқтидорли талабаларнинг илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш бўлимида муҳандис лавозимида фаолият юритмоқда. Илм ва ишни баробар уддаламоқда. Ихтисослашуви бўйича қурилиш соҳаси вакили бўлишига қарамай, учта шеърий тўплам ва 20 дан ортиқ илмий-ижодий ишлар муаллифи. Шавкат Мирзиёев илгари сурган «Беш муҳим ташаббус»ни кенг жорий этиш борасидаги амалий интилишлари ва доимий изланиши, фаоллиги инобатга олиниб, институт раҳбарияти томонидан Мустақиллигимизнинг 31 йиллигига бағишланган «Юрагимдан ўтинг Ватанга» номли шеърий тўплами 1000 нусхада чоп этилди. 2022 йилда Юртбошимиз таклифлари асосида ўтказилган, 500 мингдан ортиқ талабани ўзида жамлаган «Янги Ўзбекистонни ўзимиз, ўз қўлларимиз билан бунёд этамиз!» эсселар танловининг вилоят босқичида филолог йигит-қизлар устидан ҳам ғалаба қозониб, финалга йўлланмани қўлга киритди. Республика босқичида туғилиб ўсган мамлакатини қанчалик севишини битикларида изҳорлаб, «Она Ватаннинг қайноқ тараннуми» номинацияси ғолиби ва Президент совғасига эга бўлди.

- Давлатимиз раҳбари ва олийгоҳимиз тарафидан яратилаётган шароиту имтиёзлардан илҳом ва кучга тўлдим, - дейди биз билан суҳбатда Аҳмаджон. - Муваффақиятларим асло ажабланарли эмас ва табиий. Дуолар ижобати ва имкониятлардан тўлақонли фойдаланиш маҳсули бу. Ёзганларим маънавий-маърифий тадбирларга кўрк бағишлаётганидан мамнунман...

Жамиятда мустаҳкам ўрин эгаллаётган, ёш бунёдкор-шоир Аҳмаджон ўзи ва яқинлари мисолидаги ҳаётий ислоҳотларни янги шеърида қуйидагича ҳарорат билан ифодалайди:

Кутилган оним келди, буюк замоним келди,

Инсон қадрини ўйлаб, халқчил инсоним келди,

Дилга туккан сўзларим айни шу оним келди:

Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!..

Орифжон ЖЎРАЕВ,

«Янги Ўзбекистон» мухбири