Жорий йилнинг 16 апрель куни «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисида"ги Фармон қабул қилиниб, давлат органлари билан жамоатчилик ўртасидаги боғлиқлик борасидаги алоқалар янада мустаҳкамланишига замин яратилди.
Ушбу Фармонда белгиланган асосий вазифа мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш масалаларига оид, шунингдек, жамоатчиликни қизиқтирадиган, уларда алоҳида қизиқиш уйғотадиган муҳим масалаларга доир қарорларни қабул қилишда жамоатчилик фикрини ўрганишдир.
Шунингдек, фармонда фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг имкониятларидан кенг ва тўлақонли фойдаланиш, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорликни ривожлантирилишига ёрдам кўрсатиш омиллари белгилаб берилди.
Фармоннинг асосий жиҳати — бу Жамоатчилик палатасининг ташкил этилишидир. Палатанинг асосий мақсади, давлат органлари, фуқаролар, фуқаролик жамияти институтларининг тизимли мулоқотини йўлга қўйиш, фуқароларнинг давлат ва жамият ишларидаги иштирокини фаоллаштиришдир.
Фармон билан Президент ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши ва Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази фаолияти тугатилади, ”Mening fikrim” веб-портали эса Жамоатчилик палатаси тасарруфига ўтказилади. Бундай ўзгариш эса фуқароларнинг давлат ва жамият ишларидаги иштирокини фаоллаштиришга ҳамда давлат-хусусий шерикликнинг замонавий механизмларини жорий этишга, аҳоли фикрини тизимли ўрганиш, умумлаштириш ва таҳлил қилишга, жойларда, соҳаларда мавжуд долзарб масалаларни муҳокама қилишга, мавжуд муаммоларнинг ечими бўйича таклифлар бериб боришга, ислоҳотлар ва давлат дастурларининг жойларда амалга оширилиши устидан жамоатчилик назоратининг самарали ташкил этишга имконият яратади.
Бунинг заминида давлат органлари фаолиятида ҳам, Нодавлат ва нотижорат ташкилотлари фаолиятида ҳам шаффофлик ва очиқликка эришилади, шунингдек, давлат органларининг ўз вазифаларини бажаришда масъулият билан ёндашишларига туртки бўлади.
Бир сўз билан айтганда, Жамоатчилик палатасининг ташкил этилиши фуқароларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган барча соҳалардаги демократик ўзгаришларга, олиб борилаётган ислоҳотларга бўлган ишончи янада ортади.
Моҳира Хожаева
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари
масалалари қўмитасининг аъзоси,
Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси.