Ҳар дам олиш куни тонгда келиб, сут-қатиқ сотиб кетадиган аёлдан дарак бўлавермагач, уни излаб кўчага чиқдим. Ён-атрофда кўринмагани учун сал нарироқдаги кўп қаватли уй олдига бордим.

Шу пайт рўпарамдаги кўп қаватли уй йўлагидан 35 ёшлар атрофидаги кўҳликкина аёл чиқиб келди ва қўлидаги ичи тўла пакетларни шундоққина йўл четига ўрнатилган чиқиндихона қутилари томон улоқтирди. У отган салафан пакетлардаги нарсалар ҳар томонга ёйилиб кетди. Не кўз билан кўрайки, қоғоз уюмлари, латта-путта ва турли чиқиндилар билан бирга нон бўлаклари, турли хил пишириқ ва мевалар ҳам ерга битта бўлиб сочилди.

— Ҳой синглим, нега махсус қутигамас ерга ташлаб кетяпсиз, ахир нон бўлаклари учун махсус идиш қўйилган-ку, — дедим овозимни сал баландлатиб. У эса афтини буриштирди-да:

— Эй, нима ишингиз бор, бир камим энди сизга ҳисоб беришим қолувди. Керак бўлса, ўзлари йиғиб олишади. Нон бўлаги эмиш... шунчалик ақлли бўлсангиз териб олинг, — дея жаҳл билан ортига бурилиб кетди. Кўз ўнгимда эса бежиримгина кийинган, чиройлигина аёл ва унинг жуда хунук қилмиши қотиб қолди.

Наҳотки, нонни ахлатга ташлайдиган даражага етиб келдик? Нафақат нон, балки тириклик рамзи бўлмиш сув, уйимиз ва кўчаларни чароғон қилиб келаётган электр энергиясини ҳам бесамар сарфлаяпмиз. Энг ачинарлиси, азиз неъмат саналмиш ноннинг бугун ахлат уюмлари орасида пайдо бўлишига ҳам оддий ҳолдай эътиборсиз қарашга ўрганиб қолдик. Ноннинг ушоғини ташлаш ҳам гуноҳлигини била туриб, нега одамлар уволдан қўрқмай қўйди, деган саволга жавоб топиш илинжида Тошкент шаҳридаги бир қанча чиқиндихонларга бордик ва яна аянчли ҳолатларнинг гувоҳи бўлдик. Ушбу мақолани тайёрлаш жараёнида замондошларимизнинг исрофгарчилик ва унинг олдини олиш борасидаги фикрлари билан қизиқдик. Уларнинг ўтмишларини, кечмишларини, тавсияларини ва сўзларини ҳеч бир ўзгаришсиз қоғозга кўчирдик ва сизларга ҳам илиндик. Зора, булар кимларнингдир виждонини уйғотса...

Энди исрофгарчиликка йўл қўйган шахсларга жарималар қўлланилади

Статистик маълумотларга кўра, биргина Тошкент шаҳрида бир кунда 2 тоннадан зиёд нон, мамлакатимиз бўйлаб эса йилига 3 миллион тонна озиқ-овқат маҳсулотлари чиқиндига ташланар экан.

Энди овқатланишда исрофгарчиликка йўл қўйган шахсларга молиявий жарималар қўлланилади. Қандай қилиб дейсизми? Бу борада жорий йилнинг 31 май куни Президентимизнинг “Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 1 июлга қадар умумий овқатланиш соҳасида озиқ-овқат чиқиндилари ҳосил бўлишини камайтириш ва ортиқча исрофгарчиликнинг олдини олиш мақсадида “Оқилона истеъмол” дастури ишлаб чиқилади. Дастурга кўра, озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан масъулиятни ошириш, аҳоли ўртасида тўғри овқатланиш одатларини шакллантириш ва ортиқча исрофгарчиликнинг олдини олиш ҳамда меъёридан ортиқ истеъмолни тарғиб қилишни чеклаш, исрофгарчиликка йўл қўйган шахсларга молиявий чоралар қўллаш ва назорат механизмларини ўрнатиш борасида бир қанча бандлар мавжуд.

Бир бурда нон ушоғига ҳам зор эдик

Алфиянур ИБРАГИМОВА, 94 ёш, Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида яшайди.

— Болалик даврим очарчилик ва қимматчилик йилларига тўғри келган. Бир бурда нон топиб фарзандларим қорнини тўйдираман, дея эртаю-кеч елиб югурган ота-онам ва яқинларим очликдан вафот этган... Эсимда, чамаси 10 ёшлар эдим. Уйимиз олдидаги катта далада буғдой экиларди. Онам бечора буғдой ўримидан сўнг биз фарзандларига озгина бўлса ҳам қувват бўлсин, деб тупроқ орасида қолиб кетган буғдой бошоқларини битталаб териб юрарди. Кейин уларни ювиб, сўқичада майдалаб, сув тўлдирилган қозонга туз ташлаб қайнатарди. “Бу қувват бўлади, худо хоҳласа ҳали ёруғ кунларга чиқамиз, ҳаммаси яхши бўлади”, дея масаллиқсиз қайнатилган шўрвани ичишга ундарди. Гарчи ҳеч қандай таъмни сезмасакда, силламизни қуритган очлик танамизни тарк этгандай бўларди. Ўша даврда бир бурда нон тугул ушоғига ҳам зор эдик, ўлиб қолмаслик учун кепак, кунжара еган кунларимиз эртак эмас.

Шунинг учун ўтмишни эслагим келмайди. Алллоҳга беадад шукр болам, тўқчилик, тўкинлик ва тинчлик замонида яшаяпмиз. Албатта, ношукурлик қилмасдан, нолимасдан буларнинг қадрига етиш керак. Ноннинг уволи ёмон, исрофгарчиликни, ерда тўкилган ушоқларни кўрсам, йиғлагим келади. Чунки яқинларим очликдан шишиб ўлганини ўз кўзим билан кўрганман...

94 ёшли онахоннинг сўзларини тинглар эканмиз, жовдираб турган кўзларида ўтмишнинг аянчли озорлари ва аксини ўз вужудимизда ҳис қилгандай бўлдик. Яхшиям, онахон бугунги тўй ва тантаналарда, ҳатто таъзияли маросимларда ейишга яроқли бўлган қанчадан-қанча неъматларнинг увол бўлаётгани, чиқиндихоналарга саватлаб тўкилаётганини кўрмаяпти.
Нега бугун болалар таглигидан тортиб, турли ифлос буюмларгача нон бўлакларини аралаштириб, ахлат қутиларига ташлаяпмиз? Ахир Ҳадиси шарифда ҳам нонни эъзозлаш кераклиги, уни увол қилиш гуноҳ эканлиги алоҳида таъкидланган-ку?

“Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар”

Жобир ЭЛОВ, Мир Араб олий мадрасаси ректори

— Нон исрофи ношукрликдан келиб чиқади. Ҳадиси Қудсийда “Эй Одам фарзанди! Ҳамиша овқатланишга ўтирганингда қорни оч бечоралар ҳам эсингда бўлсин. Шунда Аллоҳнинг берган неъматларига шукр қилишинг осонроқ бўлади”, дейилган. Аллоҳ юртимизни тинч, дастурхонимизни тўкин қилиб берди, неъматларни истеъмол қилишимиз учун саломатлик берди. Бунга шукр қилиш ўрнига бу неъматларни нима учун исроф қиламиз? Одамзот   учун яратилган энг улуғ неъматлардан бири нон. Инсон барча жонзот орасида азиз ва мукаррам қилиб яратилгани учун ҳам унга шундай неъматлар ато этилган.

Шунинг баробарида “Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар” деб буюрилган. Исроф қилганлар “шайтонларнинг дўстидир” деб таъриф қилиниб, бундай ношукурлар учун ҳар икки дунёда жазо тайёрлаб қўйилгани огоҳлантирилган. Нафақат нон, балки ҳеч бир нарсани исроф қилмасдан ишлатиш ҳақиқий мўъминлик белгисидир. Барака топгурлар, ноннинг ушоғини ҳам исроф, увол қилиб ташлаш – катта ношукурлик. Тўғри, кўп қаватли уйларда яшаётганларнинг боқарга моли йўқки, қолган-қутганларни уларга емиш қилиб берса. Лекин ўша уйларнинг барчасида нон ташлаш учун алоҳида махсус идишлар қўйилган-ку. Нега, азиз неъматларни идишларга эмас, турли хил ахлатларга аралаштириб юборасиз? Ноннинг ушоғини ҳам увол қилиб ташлаш, катта гуноҳ, хато эканлигини унутманг!

Ноннинг ушоғини боссанг кўр бўласан...

Нигора ЖЎРАБОЕВА, 64 ёш, заҳирадаги подполковник:

— Негадир, ота-боболаримиз ўгитини, яқин тарихда бўлиб ўтган очлик даҳшатларини, ота-оналаримиздан эшитган бир тишлам нон қадрини жуда тез унутяпмиз. 33 йилдан буён “Диёробод” маҳалласига қарашли кўп қаватли уйда яшайман. Маҳалла фаоли ва уйбошисиман. Ҳар кун эрталабдан маҳалладаги уйлар атрофини айланиб, юқори қаватлардан ташланган нон бўлаклари ва егулик қолдиқларини териб юраман. Баъзилар “Нигора опа, сизга зарилми, қачон қарасак кимгадир дакки берган, кимнидир тартибга чақирган, ёшларга насиҳат қилган ҳолда кўрамиз. Бу ҳам етмаганидек, ердан нималарнидир териб юрасиз, фаррошларга ёрдам берасиз. Ундан кўра, оёғингизни узатиб, мазза қилиб яшамайсизми”, дейишади. Тупроққа қорилиб ётган нон бўлаклари, исроф қилиб тўкилган овқат қолдиқларини кўриб виждони бор одам қандай хотиржам ва бефарқ яшай олади, дейман ўзимга ўзим. Болалигимизда ёши катталар овқат еб бўлмагунича дастурхондан туришга бизларга рухсат беришмаган.

Дастурхонга фотиҳа ўқилгач эса, қадам босилмайдиган чеккароққа нон ушоқлари, қушлар, қурт-қумурсқалар териб есин деб, тўкиларди. Ҳозир эса баъзи бир оилалар, таомдан кейин, фотиҳа қилишни билмайди ёки ўзларига эп кўрмайди. Отам раҳматли ноннинг ушоғини босманглар, кўр бўласизлар дерди. Бобо-момолар ўгити ўтмишда қолгандек. Наҳотки, уруш йилларида ва ундан сўнг юртимиз бошидан ўтган очлик даҳшатларини, бувиларимиздан эшитган бир тишлам нон қадрини шунчалик тез унутаёзган бўлсак.

Қиссадан ҳисса

Бу дунёда ҳамма нарсанинг ҳисоби бор. Шунинг учун бўлса керак, ҳисобли дунё, дейишади. Вақти келса, ҳамма нарсанинг ҳисобини қиламиз, яхши яшаш учун изланиб, интиламиз, орзу-ҳавасла иморатлар қурамиз, етти маҳаллага кўрсатиб, чиройли тўйлар қиламиз. Хуллас, бировдан кам бўлмай зўр яшашга интиламиз. Лекин негадир сўнгги вақтларда онгимиз ўтмаслашиб қолаётгандай, Аллоҳ бандаси учун берган неъматларнинг қадрига етмаяпмиз, оёқ ости қиляпмиз.

Ҳамма нарсага етган ақлимиз, исрофгарчиликка келганида ўтмаслашаётгандай. Йўқса, тириклик неъмати бўлган ризқимизни бутунлигича ахлат қуттиларига улоқтирармидик? Нега қиммат тақинчоғимизни, ялтир-юлтир кўйлагимизни, ифори оламни тутар атиримизни чиқиндихоналарга отмаймиз-у, ризқу насибамиз бўлган нонни ерга ташлашдан қўрқмаймиз? Бир кун ичмасак, томоғимиз қуриб, бошимиз айланадиган сувни тежамаймиз, куну тун ёниб ҳамма ёқни чароғон қилиб турадиган беминнат электр энергиясига беписандмиз. Яшил табиатни пайҳон қилаверамиз, беозор жониворларни аямай қирамиз.

Ҳаётимиз фаровон, дастурхонимиз тўкин бўлиб боргани сайин маънавий қашшоқлашиб кетаётгандаймиз, назаримда. Нега фарзандларимиз, невараларимизга яхшилик қилиш савоблигини, ҳалол меҳнат роҳатлигини айтмаяпмиз. Ўғрилик, таъмагирлик, дангасалик, исрофгарчилик гуноҳ эканлигини   уқтирмаяпмиз. Ишимизни ёки вақтимиз йўқлигини пеш қиламиз. Дастурхон бошида эса телефонимизни қўлдан қўймаймиз. Гап-гаштаклардан бўшамай қолдик.

Азиз замондошим, уйимизда дастурхон бошида, иссиққина, юмшоққина, таъми иштаҳамизни очар нонни ушатаётганимизда дунёнинг қайсидир бурчагида очликдан силласи қуриб ўлиб кетаётганлар борлигини ҳам бир эсга олайлик. Доно халқимизнинг “Нимани хор қилсанг, шунга зор бўласан”, деган ҳикматли сўзларини ёдимиздан чиқармайлик!

Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири