Бу ҳусийларнинг Исроил ҳудудига ракета ҳужумига жавоб эди.

19 декабрь, пайшанба куни эрталаб ЦАХАЛ ижтимоий тармоқларида чоп этилган пресс-релизга кўра, Исроил мудофаа кучлари (ЦАХАЛ) Яманнинг ҳусийлар назоратидаги пойтахти Сана шаҳрига илк бор ҳужум қилди.

“Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари қирувчилари Исроил разведка бошқармаси ва Исроил ҳарбий-денгиз кучлари бошчилигида Яманнинг ғарбий соҳиллари ва ички ҳудудларида ҳусий террорчи режимининг ҳарбий объектларига зарбалар берди”, дейилади баёнотда. Исроил армияси ҳужумга учраган объектлар ҳусийлар томонидан ҳарбий мақсадларда фойдаланилганини тушунтирди. Кейинроқ Яман пойтахтидан ташқари, Рас-Исса, Ходейда ва Ас-Салиф бандаргоҳлари ҳам ҳужумга учрагани маълум бўлди.

Ҳусийлар назорати остидаги маҳаллий Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, Исроил ҳужумлари оқибатида тўққиз киши ҳалок бўлган, уч киши яраланган. Улардан қанчаси тинч аҳоли вакиллари эканлиги аниқланмаган, деб хабар беради dw.com.