Портлашлар Ливаннинг ягона тижорат аэропорти яқинида ҳам содир бўлди. Бу ҳақда 20 октябрь, якшанба куни Times of Israil нашри хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, бу молия институтлари “Ҳизбуллоҳ” ва ҲАМАСни қўллаб-қувватловчи Эрондан маблағ олганликда айбланган.

Ливаннинг расмий миллий ахборот агентлиги Байрутнинг жанубий чеккасида ўн бир марта зарба берилгани ҳақида хабар берди, уларнинг аксарияти Қард ал-Ҳасан молиявий ассоциациясини нишонга олди.

Байрут аэропорти ҳудудига битта зарба берилди, деб хабар бермоқда NNA. Ҳудуддаги тутунга қарамай, самолётлар парвозни давом эттирди, деб хабар берди AFP мухбири воқеа жойидан. Аэропорт одатдагидек ишламоқда.

Ливан шарқидаги Бекаа водийси ҳудудида, Исроил билан чегарадан тахминан 100 километр узоқликдаги Ҳермел, Риёқ ва Баалбекдаги Қард ал-Ҳасан шохобчаларига ҳам ҳужумлар уюштирилган, деб хабар беради korrespondent.net.

Исроил мудофаа кучлари матбуот хизмати раҳбари Даниэль Хагари 20 октябрь куни кечқурун “Ҳизбуллоҳ”нинг молиявий иншоотлари яқинида яшовчи ливанликларни зудлик билан эвакуация қилишга чақирган эди. Унинг сўзларига кўра, ЦАХАЛ Ливаннинг турли ҳудудларидаги банклар ва жангариларнинг молиявий омборларига зарба бериш ниятида.

Қард ал-Ҳасан ассоциацияси 1983 йилда ташкил этилган ва нотижорат молиявий институт ҳисобланади. Исроилнинг айтишича, “Ҳизбуллоҳ” ташкилотдан санкцияларни четлаб ўтган ҳолда, ўз жангчиларига пул тўлаш ва тинч аҳолини қўллаб-қувватлаш учун фойдаланмоқда.

АҚШ Қард ал-Ҳассанга қарши 2021 йилда санкциялар киритди. Ташкилотнинг Ливанда, жумладан Байрут ва Бекада 31 та филиали бор, дейди расмийлар.