2023 йилнинг 20 февраль куни Тошкент вилояти, Юқори Чирчиқ туманида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Ўзбекистон “Аграр соҳа аёллари” уюшмаси иштирокида “Тошкент вилоятида замонавий билим ва инновацион технологияларни жорий этиш орқали томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ аёллари ва ёшларининг потенциалини кучайтириш”га йўналтирилган “Ҳимояланган ер майдонлари (иссиқхона, парник, тоннель ва бошқалар)да қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг замонавий усуллари” мавзусида ўқув семинарлари бошланди.

Маълумки, қишлоқ хўжалиги Ўзбекистон иқтисодиётининг энг йирик тармоқларидан бири ҳамда иқтисодий-ижтимоий барқарорлигида муҳим аҳамиятга эга. Республика қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини йилдан йилга ошириб бормоқда.

Сўнгги йилларда иссиқхоналарда турли мева-сабзавотларни етиштириш жадал ривожланмоқда. Йилнинг барча мавсумларида янги маҳсулотларни етказиб бериш айнан иссиқхона ва парниклар орқали амалга оширилади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 7 минг гектарга яқин иссиқхоналар бор. 2022 йилда уларда 300 минг тоннадан ортиқ маҳсулот етиштирилди.

Бу йўналишни ривожлантириш мақсадида сўнгги йилларда 10 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иссиқхона хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Иссиқхона хўжаликлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари шулар жумласидандир.

Ўқув-семинари давомида қатнашчиларга ҳимояланган ер майдонлари, уларнинг хусусиятлари, ҳимояланган ер майдонларида амалга ошириладиган агротехник тадбирлар ва бошқалар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, илғор хорижий тажрибани ўрганиш, интерактив мулоқот амалга оширилади.
Ўқув-семинари 5 кун давом этади.