Анча қидирувдан сўнг унга керакли қўлланма топилди. Интернет орқали шартнома тузиб, пулини бир йил ичида бўлиб тўлаш шарти билан қўлланма харид қилди. Ҳаммаси шундан сўнг бошланди.

Сотиб олинган қўлланма саҳифаларини варақлаб чиқаркан, Зебо негадир ўзи ўрганмоқчи бўлган мавзуларни тополмай ҳайрон эди. Афсуски, интернетдаги рекламада барчаси бинойидек келтирилганди. Иложсиз қолган тадбиркор сотувчига қўнғироқ қилиб, ҳолатни маълум қилди. Аммо у тараф дастлаб «англашилмовчилик» деди. Икки-уч кун ўтгач, яна бошқа баҳона топди. Шундан сўнг сотувчи бошқа ўқув қўлланмаларни мақтай бошлади. Музокараларнинг охири кўринмасди. Шундан сўнг З.Хушвақтова Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси мутасаддиларига мурожаат қилди. Соҳа мутахассислари саъй-ҳаракати билан ёш тадбиркор тўлаган маблағ қайтариб олиб берилиб, шартнома бекор қилинди.

Бугун бундай ҳолат биргина ёш тадбиркорда эмас, кўплаб кишиларнинг ҳаётида учраётир. Хусусан, куни кеча Қарши шаҳрида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси масъулларининг кенг жамоатчилик вакиллари билан очиқ мулоқотида ҳам айтиб ўтилди. Мисол учун, Қашқадарёда жисмоний ва юридик шахслардан 2024 йилда 2400 та мурожаат келиб тушган бўлса, жорий йилнинг биринчи чорагида бу кўрсаткич 2500 дан ошган.

– Муаммоларни бартараф этиш учун тизимли ишлар қилинаётган бўлсада, қатор ҳокимликлар, тегишли бошқарма мутасаддиларининг эътиборсизлиги туфайли мурожаатлар сони ортмоқда, – дейди қўмита раиси маслаҳатчиси Отабек Усмонов. – Хусусан, аҳолини қийнаётган масалалардан бири коммунал хизматлар яхши йўлга қўйилмаганидир. Таҳлилларга кўра, 2500 та мурожаатнинг 2000 дан зиёди жойларга суюлтирилган газни ўз вақтида етказиб бериш билан боғлиқ. Бундан айнан шу тизимда оқсоқлик мавжудлиги кўринади.

Қўмита ташаббуси билан энг биринчи навбатда жойлардаги муаммоларни бартараф этишга катта эътибор қаратилмоқда. Мисол учун, ўтган йили ўрганишлар натижасида вилоятда 20 миллиард сўмдан ортиқ, жорий йилнинг ўтган биринчи чорагида 1,5 миллиард сўмга яқин маблағ истеъмолчилар ва тадбиркорлик субъектлари фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланди.

Шунингдек, ҳудудий бошқарма ходимлари томонидан 2025 йилнинг январь март ойларида қилинган ишлар натижасида бошқарув сервис компаниялари ва хусусий уй-жой мулкдор ширкатлари томонидан кўрсатилмаган хизматлар учун ҳисобланган жами 500 миллион сўмдан ортиқ маблағ 7000 га яқин фуқаро фойдасига ҳал этилган. Бунинг эвазига нореал қарздорликлар истеъмолчилар ҳисобидан чиқарилган.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан Термиз шаҳридаги Матбуот уйида ҳам тадбиркорлик субъектлари, фуқаролар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди. Дастлаб ҳудудий бошқарма бошлиғи ўринбосари Ҳамза Мустафоқулов 2024 йил якунлари ва 2025 йил 1-чорагида қилинган ишлар бўйича ҳисобот тақдим этди.

Унда товар бозорларида рақобатни ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва соҳадаги долзарб муаммоларни аниқлаш масалалари кўриб чиқилди. Кенг жамоатчилик вакиллари билан навбатдаги очиқ мулоқотда мутасаддилар саволларга атрофлича жавоб берди. Масалан, воҳада сўнгги вақтларда йўлкира нархининг асоссиз оширилиши, онлайн тўловлардаги ноаниқликлар ҳамда янги автомобилларда аниқланган техник носозликлар юзасидан фуқаролар томонидан билдирилган мурожаатларга қўмита ва ҳудудий бошқарма масъуллари атрофлича жавоб берди, ўрганиш талаб этиладиган масалалар масъулларга йўналтирилди.

Мулоқотда фуқаролар ва тадбиркорлар билан қўмитанинг амалий фаолияти, рақобат муҳитини ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги натижалар муҳокама қилинди. Мазкур очиқ мулоқотда жисмоний ва юридик шахслардан 20 га яқин мурожаат ва таклиф қабул қилинди. Жумладан, Термиз шаҳридаги бир гуруҳ фуқаро ўзи яшаб турган кўп қаватли турар жойга хизмат кўрсатувчи бошқарув сервис компанияси хизматларидан норозилигини билдирди. Ойлик бадалларни олсада, компания ўз вазифаларини етарлича бажармаётгани ва кўрсатилмаган хизматлар учун қайта ҳисоб-китоб қилиш ҳолатлари учраётгани айтилди. Масъуллар бу борада ҳуқуқий баҳо берилишини қайд этди.

Акбар РАҲМОНОВ,

Сарвар ТЎРАЕВ,

«Янги Ўзбекистон» мухбирлари