Навоийда вилоят марказидан ташқари барча туман ва шаҳарларда суюлтирилган газ истеъмолчилари мавжуд. Уларга белгиланган муддатларда, режа-графикка асосан, суюлтирилган газ етказиб берилмоқда. Жумладан, истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш учун 25 дона “ISUZU” ва 6 дона “MAN” русумли автотранспорт воситаси ажратилган. Ҳудудда 4 та газ тарқатиш шахобчаси ва 1 та газ тақсимлаш станцияси фаолият кўрсатади.    

Жамиятнинг қатор соҳалари каби газ таъминоти тизимининг суюлтирилган газ йўналишига рақамли иқтисодиётнинг кириб келиши билан бугун олдингига нисбатан иш унумдорлиги тубдан фарқ қилмоқда. Буни исботи сифатида, аниқ натижаларга эътибор қаратамиз. “Hududgazta’minot” акциядорлик жамияти томонидан суюлтирилган газ таъминотида автоматлаштирилган тизим жорий этилгач, ҳудудларда аҳолига газ тарқатадиган масъул шахсларнинг таъминот хариди учун истеъмолчидан нақд пул қабул қилишига чек қўйилди. Бундан кўзланган мақсад, биринчи навбатда шаффофликни таъминлашга қаратилган.

 Масалан, шу вақтгача агарда 20 килограмм углеводородли суюлтирилган газ солинган битта газ баллон хариди учун белгиланган тартиб бўйича 22 400 сўм тўланиши керак бўлса, истеъмолчи соҳа ходимига камида  23 000 сўм берарди. Ходим эса 600 сўм қайтаришига тўғри келарди. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, бу истеъмолчи ва соҳа ходими учун оворагарчилик, турли тушунмовчиликларга сабаб бўларди. Ўртада аҳолининг тизимга бўлган ишончига путур етиши эҳтимоллари ҳам мавжуд эди. Ҳозир эса истеъмолчи ўзига тақдим қилинган ID-картани етарли маблағ билан таъминлайди. Газ баллон олганида, унинг ҳисобидан 22 400 сўм ечиб олинади. Истеъмолчининг телефон рақамига харид маълумоти ҳақида СМС хабарнома келади.

— Айни кунда Навоий вилоятида 100 мингдан ортиқ суюлтирилган газ истеъмолчиси мавжуд бўлса, шундан 28 минг нафардан ортиғи Хатирчи туманига тўғри келади. Истеъмолчи кўп, баъзи маҳаллалар тоғли ҳудудларда жойлашган, — дейди “Xatirchitumangaz” газ таъминоти бўлими хизмат бошлиғи Ваҳоб Норқулов. — Демак, иш ҳажми ҳам шунга яраша. Истеъмолчилар орасида газ балонни вақтида қабул қилмайдиган ёки картасига маблағ тўлдиришни унутиб қўядиганлари ҳам бор. Бир ёки икки нафар истеъмолчи учун газ баллон ташувчи техниканинг шу ҳудудга қайтиб келиши ортиқча харажат талаб этади, ходимларнинг қанча вақти бекорга кетади. Шунинг учун истеъмолчилар масъулиятни оширишлари зарур.

 Табиий газ етиб бориши қийин бўлган ҳудудлар аҳолисини газ баллон билан белгиланган муддатда таъминлаб бориш энг муҳим масалалардан бири. Бунда истеъмолчи ҳам ўз мажбуриятини унутмаслиги зарур. Аслида, белгиланган меъёр бўйича ҳар бир истеъмолчига газ баллон камида бир ойда, узоғи 40-45 кун оралиғида етказилиши керак. Аммо, “гуруч курмаксиз бўлмайди”. Афсуски, олдин тизимдаги баъзи ходимларнинг ишига совуққонлик, эътиборсизлик билан ёндашганлиги боис, қайсидир ҳудудларда истеъмолчиларга ўз вақтида газ баллон етиб бормаслик ҳолатлари ҳам кузатилган (ресурс масаласи бундан мустасно). Автоматлаштирилган тизим имкониятлари туфайли эса бу каби камчиликлар тўлиқ бартараф этилмоқда. Абонентларга берилган ID-карталар “Е-Gaz” онлайн тизимига уланган бўлиб, истеъмолчи бир ой тўлмасдан туриб, янги газ баллон олиш имконига эга эмас. Яъни, ID-картада барча маълумотлар жойланган бўлиб, истеъмолчининг охирги марта қачон газ баллон билан таъминланганлиги  “Е-Gaz” онлайн тизимида кўриниб туради. Битта хўжаликка фақат бир дона газ баллон берилади. Қолаверса, энди аҳолига газ баллон тарқатадиган ходимларга кўрсатадиган хизматининг ҳажми ва сифатига қараб маош белгилаш тартиби жорий этилди. Ва бу махсус база орқали назорат қилиб турилади. Энг муҳими, суюлтирилган газ нархининг сунъий оширилишига чек қўйилади.

Таъкидланганидек, Навоий вилояти тоғлик ва чўллик ҳудудлардан иборат. Алоқа сифати ҳар хил. Аммо бу янги тизимни алоқа сифати яхши бўлмаган ҳудудларда жорий этишнинг имкони йўқ, дегани эмас. Истеъмолчиларнинг суюлтирилган газ таъминоти учун  “Е-Gaz!” тизимини фаоллаштиришда  вилоятдаги алоқа хизмати яхши бўлган ҳудудларда  “on-line” тизимдан фойдаланилади. Алоқа хизмати яхши бўлмаган 20 тага яқин маҳалла ва овулларда, жумладан, Томди туманининг “Аяққудуқ”, “Шиели”, Конимех туманининг “Боймурот”, “Учтепа”, Нуротанинг “Темирқовуқ”, Қизилтепанинг “Ўртачўл” ҳудудларида “Е-gaz” тизимини фаоллаштиришда “of-line” тизим йўлга қўйилган. Яъни, истеъмолчи етказилган газ баллон учун карта орқали ҳисоб-китобни амалга оширади. Аммо ундан қабул қилинган маблағ ушбу ҳудудда базада кўринмайди. Газ ходимлари алоқа мавжуд ҳудудга чиқишгач, “Е-Gaz” тизим хотирасида сақланган маблағлар базада кўринади ва истеъмолчининг бир дона газ баллон учун тўловни амалга оширгани тасдиқланади.

Бир сўз билан айтганда, рақамли иқтисодиёт аниқликни, иш унумдорлиги ва сифатини таъминлайди. Энг муҳими, истеъмолчи ва ходим ўртасида ишончли кўприк вазифасини бажаради.

Зебо ҚУТЛИЕВА,

“Hududgaz Navoiy” газ таъминоти филиали матбуот котиби