Мурожаатда қайд этилишича, фуқаро Қарши «Авиатуризм» МЧЖга қарашли авиакассадан Қарши-Красноярск йўналиши бўйича 1 дона авиачиптани 3 415 000 сўмга харид қилган, бироқ учиш учун аэропортда регистрация вақтида авиабилетда техник хатога йўл қўйилгани сабабли учиб кетолмаган.

Шундан сўнг истеъмолчи авиакасса ходимига бир неча маротаба авиачипта пулини қайтариб ёки алмаштириб беришни сўраб мурожаат қилган бўлсада, ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган.

Мазкур мурожаат ўрганилиши натижасида чипта учун тўланган 3 415 000 сўм маблағ истеъмолчига қайтарилди.

Шундай мурожаатлардан яна бири Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида яшовчи М.Бўриевдан келган. Истеъмолчи 2021 йил 14 апрель куни Сариосиё тумани марказида жойлашган «Фурқат Омад-авиа» МЧЖга қарашли авиакассадан Термиз-Санкт Петербург авиайўналиши бўйича 2 150 000 сўмга бир дона авиабилет сотиб олган. Лекин учиш вақти пандемия кучайтирилган пайтга тўғри келгани сабабли учиб кетолмаган. Авиачипта учун тўлаган пулини қайтариб олиш учун эса бир неча маротаба мурожаат қилган бўлсада қайтариб ололмаган. Мурожаат ўрганилиши натижасида чипта учун тўланган маблағ истеъмолчига қайтарилишига эришилди.

Қашқадарё вилояти Ғузор туманида яшовчи М.Нурмаматова ҳам Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига ёзма мурожаат қилди. Унда қайд этилишича, истеъмолчи Қарши шаҳри марказида жойлашган «Фарҳод» савдо мажмуасидан 790 000 сўмга сув насосини сотиб олган, бироқ насос сифатсиз чиққан. Сотувчига бир неча маротаба вазиятни тушунтирган бўлсада, ҳеч қандай натижага эришмаган. Мурожаат ўрганилиши натижасида сув насоси сифатлисига алмаштириб берилди.

Қарши шаҳри Гулобод кўчаси, 40-уйда яшовчи Ғ.Жавҳаров томонидан келган мурожаатда ёзилишича, истеъмолчи Қарши шаҳри «Фарҳод» савдо мажмуасида фаолият олиб бораётган «Чудеса света» савдо дўконидан 422 000 сўмга ARN аппаратини сотиб олган. Лекин аппарат носоз чиққан. Сотувчига бу борада кўп марта мурожаат қилган бўлсада, ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган.

Мазкур мурожаат ўрганилиши натижасида маҳсулот учун тўланган маблағ истеъмолчига қайтарилишига эришилди, дейилади федерация ахборот хизмати хабарида.