Аввал хабар берганимиздек, ушбу нуфузли мусобақада мамлакатимизнинг биринчи ракеткаси Денис Истомин ҳам иштирок этяпти. Ҳамюртимиз турнирдаги иштирокини саралаш баҳсларидан бошлади. У аввалига ярим финалида рейтингда ўзидан 114 поғона юқорида бораётган авcтриялик Юрий Родионовни 6:4, 6:2 ҳисобида мағлуб этди.

Кейин эса саралашнинг финал учрашувида эквадорлик Эмилио Гомесдан 7/6(7), 6/2 ҳисобида устун келиб, асосий тўрга йўл олди. Гомес ATP рейтингида 149, Истомин эса 267-ўринни эгаллаб турибди. Кеча тунда Денис асосий тўрнинг илк даврасида дунёнинг 117-ракеткаси, америкалик Сэм Куэррига қарши кортга чиқди. 

Бир соату 12 дақиқа давом этган учрашувда Истомин номдор рақибини 6/1, 7/6(5) ҳисобида мағлубиятга учратди. Теннисчиларнинг ўзаро учрашувларида Денис ҳисобда олдинга чиқиб олди - 3:2! 

Энди юртдошимиз иккинчи даврада яна бир АҚШ теннисчиси, дунёнинг 41-ракеткаси Томми Полга қарши кортга чиқади. Ҳозирча теннисчиларнинг ўзаро учрашувларида ҳисоб тенг бўлиб турибди - 1:1. Истомин - Пол баҳси Тошкент вақти билан бугун тунда соат 00:30да бошланади.

Манба