Учрашув давомида томонлар ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, IT-таълимни ривожлантириш, мутахассислар тайёрлаш АКТ соҳасида ўзаро яқинликни кенгайтириш бўйича атрофлича фикрлар алмашилди. Шунингдек, IT Park ва «Innopolis» махсус иқтисодий зонаси фаолиятлари тўғрисида, Ўзбекистон ва Татаристонда IT соҳасини ривожлантириш ва IT тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун яратилган имкониятлар тўғрисида тақдимотлар ҳам ўтказилди.
Музокара доирасида «Innopolis» махсус иқтисодий зонаси вакиллари билан ахборот-коммуникация технологиялари, рақамли иқтисодиёт соҳаларида биргаликда лойиҳаларни амалга ошириш, ҳамкорликда кадрлар малакасини ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Бундан ташқари, аутсорсинг IT-хизматларни ташкил этиш мақсадида IT Park билан ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга келишилди.
Шу билан бирга Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки (IT Park) ҳамда «Innopolis» махсус иқтисодий зонаси ўртасида кўп томонлама ҳамкорлик олиб бориш мақсадида «Йўл харитаси» имзоланди. Мазкур тадбирда IT Park, «Innopolis» махсус иқтисодий зонаси раҳбарлари иштирок этди.
Маълумот учун айтиш керакки, 2021 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган «Kazan Digital Week – 2021» халқаро форумида иштирок этиш доирасида IT-Park раҳбарияти томонидан «Innopolis» вакиллари билан ўтказилган музокаралар кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун асос бўлди.
Меморандум доирасида ҳар икки томон резидентларига Ўзбекистон Республикаси ва Татаристон Республикаси бозорига чиқиш, миллий ишлаб чиқарувчиларнинг дастурий маҳсулотлари ва хизматларини ташқи бозорларда илгари суриш, экспорт қилиш учун кўмак бериш, резидентлар фаолияти учун шарт-шароитларни ривожлантириш ва такомиллаштириш бўйича тажриба алмашиш, томонларнинг инновацияларга бағишланган форумлари, конференциялари, кўргазмалари, семинарлари ва бошқа тадбирларини ташкил этиш ва иштирок этиш каби йўналишларда ҳамкорлик қилиш кўзда тутилган.
Мазкур меморандумга асосан ҳам BPO ва KPO хизматлари бўйича ҳамкорликда лойиҳаларни амалга ошириши мўлжалланган.
Бугун Ўзбекистонда хорижий IT компанияларнинг тўлақонли фаолият олиб бориш учун барча шароитлар яратилган. Шунга кўра хорижий компаниялар, шулар қаторида Татаристон технопарклари ҳам Ўзбекистондан IT мутахассисларни кенг жалб қилишлари мумкин. Бу эса ёшларнинг бандлигини ошириш, уларни юқори маошли иш билан таъминлашга замин яратади.
ИТ мутахассисларни тайёрлашда хусусий ўқув марказлари ҳам муносиб ҳисса қўшади. Улардан бири Юқори Чирчиқ туманида жойлашган «Astrum» IT академияси ҳисобланади. «Astrum» IT академияси икки қаватли замонавий бино бўлиб, таълим ва ишлаб чиқаришни қамраб олган кластердир.
Бу ерда ёшлар аввал дастурлашни ўрганиб, кейин шу соҳада ишлайди. Уларнинг ўзлаштиришини сунъий интеллект баҳолайди.
Томонлар таъкидлаганидек, мазкур меморандум ҳар икки мамлакатнинг ахборот технологиялари сектори ва стартап экотизимини янги босқичга олиб чиқишга ва Ўзбекистондаги ишлаб чиқувчилар ва стартап эгаларига халқаро бозорга чиқиш учун янги имкониятлар яратишга ёрдам беради.
Ташриф доирасида меҳмонлар учун «Astrum» IT академияда ёшлар учун яратилган шароитлар билан танишди ва тингловчилар билан суҳбат уюштирилди, деб хабар беради Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати.