Дўстлик гуруҳи, бу – Италия парламенти аъзолари гуруҳи саналиб, ихтиёрий равишда Италия парламенти ва бошқа давлатлар парламентлари (ёки минтақадаги бир гуруҳ давлатлар) ўртасида икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган.

Учрашувда Марказ директори Э.Туляков «Италия – Марказий Осиё» дўстлик гуруҳи аъзоларини 2022 – 2026 йилларда Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси бўйича қабул қилинган асосий йўналишлари билан батафсил таништирди. Унда ушбу Стратегия Ҳаракатлар стратегиясининг узвий давоми бўлиб, ҳужжатда бугунги глобаллашув жараёнларидан келиб чиққан ҳолда еттита устувор йўналиш бирлаштирилгани, ҳар бир йўналишда белгиланган вазифалар юз мақсад билан аниқ кўрсатиб қўйилгани алоҳида эътироф этилди.

Шунингдек, Э.Туляков «Тараққиёт стратегияси» маркази Ўзбекистон Парламенти билан тараққиёт стратегиясининг бажарилишини мониторинг қилиш, эришилган натижаларни жамоатчилик муҳокамаси ва айрим соҳаларни хорижий тажрибага асосланган ҳолда ислоҳ қилишда норматив ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича асосли таклифлар тайёрлаш борасида ҳам яқин ҳамкорлик ўрнатганини таъкидлаб ўтди.

Учрашувда сўзга чиққан «Италия – Марказий Осиё» дўстлик гуруҳи раиси Симона Суриано сўнгги йилларда Ўзбекистон – Италия муносабатлари жадал ривожланаётганини эътироф этди. У, шунингдек, Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий жараёнларда парламентларнинг ўрни, ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий, ҳуқуқий, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашнинг аҳамияти ҳақида сўз юритди.

Учрашув якунида мезбонлар 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга ошириш доирасида ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдирдилар. Симона Суриано эса ҳамкорликнинг келгусидаги режаларини батафсил муҳокама қилиш учун яқин келажакда Ўзбекистон парламентининг Италияга ташриф буюришига умид билдирди.

«Тараққиёт стратегияси» маркази

Ахборот хизмати