Орадан бир йил ўтиб, яна жаҳон минбарида Ўзбекистон томони минтақавий ва халқаро жараёнларга нисбатан муносабатини, юзага келаётган глобал муаммоларга нисбатан таклифларини илгари сурди. Бундай муносабат халқаро жамоатчиликнинг ижобий муносабатига сабаб бўлмоқда, билдирилган таклифлар амалий ечимга эгалиги кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинаётган халқаро ҳужжатлар бу фикрни исботлайди. Бунга мисол сифатида БМТ Бош Ассамблеясининг Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюцияси қабул қилинганини ёки дунё учун амалий аҳамиятга эга бўлган ҳужжат — БМТ Бош Ассамблеясининг расмий ҳужжати сифатида тарқатилган Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги кодексни келтириш мумкин.
Айтиш лозимки, Ўзбекистон глобал муаммоларни жим кузатиб турган давлат эмас. Башарият тақдирига соя солаётган ҳар қандай муаммо борки, уни ҳал этишда ўзининг ҳиссасини қўшяпти. Биргина мисол: Ўзбекистон ўз чегараси орқали яқинда яна бир синовдан ўтган ва оғир дамларни бошдан кечираётган афғон халқига зарурий ёрдам — бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари, нефть ва электр энергиясини етказиб беришни қайта тиклади.
Бу — жафокаш афғон халқи муаммосини ҳал этишда қардош Ўзбекистоннинг “Ҳақиқий дўст кулфатда билинади” деган ҳикматга қанчалик амал қилишини кўрсатди. Бу — бошқа халқлар сингари афғон халқининг тинч ва фаровон яшашга ҳақли эканлигини дунёга намоён этган намуна бўлди.
Бир ярим йилдан ортиқроқ даврдан бери глобал қийинчилик келтириб чиқараётган пандемияга қарши давлатларнинг куч ва имкониятини бирлаштириш бундан буён ҳам муҳим масала бўлиб қолаверади. Йиғилишда Ўзбекистон томони COVID-19 пандемиясига қарши самарали курашда ва вакцинация натижаларини халқаро миқёсда тан олиш жараёнида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мувофиқлаштирувчи ролини янада кучайтиришни таклиф этди.
Ҳақиқатан ҳам, мазкур ташкилот COVID-19 тарқала бошлаганда барча мамлакатларни бундан огоҳлантирди, пандемия глобал тус олган вақтда касалланганларни даволаш бўйича йўриқномалар ишлаб чиқди. Дунё бўйича энг илғор давлатларда касалликнинг зарарли таъсирини камайтиришга қаратилган вакциналарни яратиш жараёнини мувофиқлаштириб борди ва вакцинация натижаларини тан олиш билан боғлиқ фаолиятни йўлга қўйди. Айни вақтгача ҳам COVID-19 нинг янгидан тарқалаётган ҳар қандай штаммлари ҳақида дунё аҳлига маълумотлар бериб борилмоқда.
Шундай экан, жаҳон минбаридан айтиб ўтилган мазкур таклиф бугунги кунда ва келажакда ҳам пандемияга қарши самарали кураш жараёнини мувофиқлаштириш, энг илғор тиббий даволаш услубларини қўллаш ва муваффақиятли вакциналарни ўзаро тан олишда муҳим аҳамиятга эга бўлади.
Ўзбекистонда пандемияга қарши кураш юқори даражада ташкил этилди. Бугун ҳар бир фуқаро ўзига яқин тиббий поликлиникадан коронавирусга қарши бепул эмланиши мумкин. Вакциналарни танлаш имконияти фуқаролар ихтиёрига берилган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиялари асосида барча зарур тиббий шароит яратилди.
Шундай қилиб, БМТ минбаридан туриб айтилган фикрлар узоқни кўзлагани, олам ва одам тақдирига дахлдорлиги, инсониятни қийнаётган муаммоларни бартараф этишга қаратилгани билан тарихий аҳамиятга эга. Оддий ҳақиқат — маърузадаги фикрлару ғоялар, мушоҳадаю таклифлар ҳар биримизга миллий ва умумбашарий муаммоларни уйғун ҳолатда талқин этиш, теран мушоҳада зарурлигини кўрсатди.
Ҳеч бир инсон иккинчи бир инсон муаммоси олдида жим қараб турмайди. Унга инсонийлик асосида ёрдам беради. Давлат ҳам инсонлар жамоасидан ташкил топган тузилма. Бир давлатдаги нотинч ва қийин вазиятга нисбатан бошқа давлатлар жим қараб турмаслиги керак. Шу боис Ўзбекистон жаҳон давлатларини глобал муаммоларни дахлдорлик билан, биргаликда ҳал этишга даъват этмоқда. Бу йўлда ўзи намуна бўлишга интилмоқда.
Шавкат ШАРИПОВ,
педагогика фанлари доктори, профессор