Янги ҳаёт туманида жойлашган “Теремок” номли 109-мактабгача таълим муассасасида Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 538 йиллигига багишланган тадбир ўтказилди.
— Бобур ўзбек мумтоз адабиётининг забардаст вакили, буюк давлат арбоби, моҳир саркарда, олим ва шоир, ўз даврининг буюк мутаффаккири сифатида ном қозонган буюк аждодимиздир, – дейди мактабгача таълим муассаса раҳбари Азиза Тошматова. – Бобур ижоди инсонни комилликка чорловчи улкан маънавий мерос. Албатта, таълим ва тарбия жараёнида буюк бобокалонимиз ижодининг бугунги ёш авлод маънавий ҳаётида алоҳида ўрни бор. Унинг асарларидаги эзгулик ва адолат, садоқат ва ватанпарварлик туйғуларини боғча ёшидаги болажонларимиз ҳозирдан ҳис этиши ҳамда англаши жуда муҳим.

Тадбир давомида гуруҳ раҳбарлари Гулфина Асқарова ва Зуҳра Азизова тайёрлаган “Яхшилик қил” деб номланган саҳна кўринишлари намойиш этилди. Ушбу саҳна кўринишида Дониёржон Азимов, Арслан Салимов, Фарзона Болтабоева, Самия Расулова ва бошқа тарбияланувчилар, ўзлари ёд олган шеърлари ва саҳна кўринишларини мароқ билан ижро этишди.
— Айниқса, Бобур ижодини ўрганиш болажонларимизнинг мумтоз адабиётга, нотиқлик санъатига бўлан қизиқишини ошириши, шубҳасиз. Боғча ёшидаги болажонларимизга улуғ бобокалонимизнинг туғма истеъдоди ва эзгу ишлари ҳақида кўп ва хўп ҳикоялар айтиб беришимиз керак, — дейди таълим муассаса психологи Наргиза Қурбонова.
Тадбир шеър, куй-қўшиқ ва рақсларга уланиб кетди. Айниқса, муассаса тарбияланувчилари томонидан ўтказилган жажжи ғазалсеварлар мушоираси болажонлар ва ота оналарга катта қувонч бағишлади.
Дилшода АЗИМОВА,
педагог