Қайсидир давлатда аҳолининг мамлакат ислоҳотларидан норози кайфиятда намойишга чиқаётган бўлса, айримларида фуқаролари кўчага чиқиб “кечга уйимга соғ-саломат қайтиб келармиканман”, деган ўй-хаёллар, энг ачинарлиси, фарзандлар айни болалик беғуборлик даври гаштини суриш ўрнига эрталаб уйдан чиқишда яқинларидан рози ризолик сўраб тарк этаётгани, ҳар дақиқа тирик яшаш умидида кунлари ўтаётган халқларни кўрмоқдамиз. Бу эса ҳар бир соғлом фикрловчи инсоннинг шукрона туйғусини уйғотмоқда. Тафаккур қилинмоқда.
Сўнгги йилларда пандемия сабаб одамлар тирик қолиш илинжи қалбларига ўрнашиб қолди. Яқинларига бўлган эътибори кучайди. Ота ва она фарзандига бўлган меҳр-муҳаббатини изҳор этишига имкон бўлди. Фарзандлар ота-онасига ишончи ва ҳурмати ошди. Ҳа, бугун инсонни нафақат саломатлиги ҳақида, балки унинг онгига таъсир кўрсатувчи бегона иллат ва ёт ғояларга қарши самарали ҳамда таъсирчан усулларни яратиш кераклигини кўпроқ англанмоқда. Куннинг талаби ҳам шу, аслида.
Шу сабаб, маънавий-маърифий ишлар ҳолати, миллий ғоянинг мамлакат тараққиётидаги ўрни, жамият барқарорлигига салбий таъсир этувчи таҳдидлар ва уларни бартараф этиш юзасидан илмий-амалий изланишлар олиб боришни тақазо этмоқда.
2021 йилнинг 19 январида Республика Маънавият ва маърифат Кенгаши раиси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ўтказилган йиғилишдаги “Жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир” маърузаси Маънавият ва маърифат соҳаси учун яна бир катта ижобий бурилиш бўлди. Республика Маънавият ва маърифат маркази фаолиятини такомиллаштириш, унинг мувофиқлаштирувчи ролини кучайтириш, соҳада илмий ёндошувни кенг жорий этиш, илғор ташаббусларни қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Маънавият масаласи ҳар доим кун тартибида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан 2021 йилда Республика Маънавият ва маърифат марказ ҳузурида ташкил этилган Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур институт “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган ғоя асосида мамлакатимизда маънавий-маърифий ишларни янги босқичга кўтариш, аҳоли, айниқса, ёшларни Ватанга муҳаббат, маънавий меросимиз, миллий адабиётимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш ғоясини ҳаётга татбиқ этиш ишларини илмий-методик ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш каби вазифаларни амалга оширишни мақсад қилган. Шу билан бирга, дунёнинг мафкуравий манзарасини ўрганиш, таҳлил қилиш, маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларни ташкил этишда миллий ва умуминсоний қадриятларга мос хорижий тажрибани амалиётга жорий этиш ишларини тизимли йўлга қўйиш назарда тутилмоқда.
Айни пайтда Иинститут ўз олдига қатор мақсадларни қўйган. Хусусан, “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”да белгиланган маънавий-маърифий вазифалар ижросини тизимли таъминлаш ва самарали мувофиқлаштириб бориш бўйича барча кенгашлар, давлат ва жамоат ташкилотларининг бу борадаги иш дастурларини давр талаблари асосида янгидан тузиш ва уни амалга оширилишини таъминлаш, улар фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш ва янгидан ташкиллаштириш;
Стратегияни амалга ошириш жараёнининг таркибий қисми бўлган маънавий-маърифий ишлар мониторингини тизимли ташкил этиш ҳамда амалга оширишга бағишланган ахборот-таҳлилий шарҳларни, таклиф ва тавсияларни мунтазам равишда тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Президенти, Парламент ва Вазирлар Маҳкамасига берилишини таъминлаш;
“Янги Ўзбекистон стратегияси” китоби мазмун моҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида барча давлат ва жамоат ташкилотларида “Ҳаракатлар стратегиясидан – тараққиёт стратегияси сари” мавзусида “Маърифат соатлари” ва соҳа вакилларининг малакасини мунтазам ошириб боришни ташкил қилиш;
Шу ойдан бошлаб “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китоби асосида “Янги Ўзбекистоннинг маънавий тараққиёт стратегияси” туркумида китоблар, луғат ва рисолалар тайёрлаш ва чоп этиш ишларини йўлга қўйиш, шу мақсаддаги юқоридаги келтирганимиздек, илмий-тадқиқот ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ишлари режалаштирилди.
Шунингдек, “Жойларда маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш: муаммолар ва уларнинг ечимлари” юзасидан малака ошириш ўқувлари бўлиб ўтди. Мазкур ўқув курсларида қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш билан бирга ҳудудлардаги маънавий-маърифий муаммоларни ўрганиш усуллари, бартараф этиш механизмларини яратиш, ишлаш тизимини тубдан ўзгартиришга қаратилган мавзуларда ақлий ҳужум, анализ, кейс ва бошқа методларга фойдаланилди
Мазкур институт чин маънода жамиятнинг ижтимоий-маънавий муҳитини ўрганиб, натижаси бўйича асосланган илмий хулосалар, таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқувчи лабаратория маскани бўлиб хизмат қилиш ишлари йўлга қўйилди. Яъни миллий ғоя ва мафкура масаласи билан боғлиқ долзарб масалаларни, бугунги мураккаб мафкуравий жараёнларни илмий-амалий жиҳатдан атрофлича таҳлил қилиш ва баҳолаш, устувор йўналишларни аниқлаш, уларнинг аҳоли турлари қатламларига таъсирини ўрганиш, миллий манфаатларимизга, ҳаёт тарзимизга зид бўлган зарарли ғоялар ва мафкуравий хуружларнинг моҳиятини очиб бериш ҳамда аҳолининг кенг қатламлари, авваламбор, ёшлар ўртасида Ватанга муҳаббат ва садоқат, инсонпарварлик фазилатларини тарбиялаш миллий урф-одат, анъана ва қадриятларнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини ҳар томонлама олиб боришга йўналтирилган суҳбат ва учрашувлар, маърифий тадбирлар ўтказишнинг таъсирчан усулларини яратишдан иборат. Ана шу мақсадда “Ҳудудларнинг ижтимоий-маънавий муҳитини ўрганиш ва соғломлаштириш технологияси” лойиҳасини ишлаб чиқиб, тажриба-синов тариқасида Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида ўтказиш ишлари ташкил этилмоқда.
Бугун маънавият нақадар кераклигини, халқимиз кечаги халқ эмаслигини, янгича ишлашни, яхши бўлиш учун ҳамма ўзгариши зарурлигини кўрсатмоқда. Бу йўлда нафақат мазкур институт, балки барчанинг масъуллигини оширишга қаратилган сайъи-ҳаракатлар кучайтирилмоқда. Зеро, моддият ва маънавиятни тенг кўрилиши фақат шиоримизда эмас, балки онгимизга ҳамда қалбимизга мустаҳкам ўрнашига эришиш зарурдир.
Мунира КАҲҲАРОВА,
Республика Маънавият ва маърифат
маркази ҳузуридаги ижтимоий-маънавий
тадқиқотлар институти директори ўринбосари