Одил судловнинг очиқлиги фуқароларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлайди, жамоатчилик иштироки эса қарор қабул қилиш жараёнларининг холис ва қонуний бўлишини таъминлайди.

Қадимги римликларда шундай бир машҳур юридик қоида бор: "Адолат нафақат қарор топиши, балки унинг қарор топгани барчага яққол кўриниши ҳам шарт".

Шу сабабли, замонавий ҳуқуқий давлатларда одил судловнинг очиқлиги (шаффофлиги) ва унда жамоатчилик иштироки суд-ҳуқуқ тизимининг қон томири ҳисобланади. Одил судлов — бу фақатгина судья, прокурор ва адвокат ўртасидаги тор доирадаги мулоқот эмас, балки бутун жамиятнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилинадиган, қонун устуворлиги намойиш этиладиган катта ижтимоий майдондир. Ушбу мақолада биз судларнинг очиқлиги нима учун муҳимлиги, жамоатчилик назорати қандай ишлаши ва бу борадаги муаммолар ҳақида сўз юритамиз.

Очиқлик ва шаффофлик кўпинча синоним сифатида ишлатилади, лекин суд тизимида уларнинг ўз ўрни бор. Одил судловнинг очиқлиги деганда қуйидаги асосий омиллар тушунилади: Суд мажлисларининг ошкоралиги: ҳар қандай фуқаро (агар у ишга алоқадор бўлмаса ҳам) очиқ суд мажлисларига кириб, жараённи кузатиш ҳуқуқига эга бўлиши керак. Суд заллари одамлар учун ёпиқ қалъа эмас, балки адолат тарқатиладиган очиқ уй бўлиши лозим.

Ёпиқ суд мажлисида давлат сирларини қўриқлаш манфаатларига зид келадиган ҳоллар, шунингдек жинсий жиноятлар тўғрисидаги ишлар кўрилади. Шахсий ёзишма ва шахсий телеграф хабарномалари очиқ суд мажлисида фақат бу хат ва хабарларни жўнатган ҳамда олган шахсларнинг розилиги билан ўқиб эшиттирилиши мумкин. Акс ҳолда улар ёпиқ суд мажлисида ўқиб эшиттирилади ва текширилади. Ишни ёпиқ суд мажлисида кўриш барча процессуал қоидаларга риоя қилган ҳолда амалга оширилади. Ишни ёпиқ мажлисда кўриш тўғрисидаги суднинг ажрими буткул муҳокамага нисбатан ёки унинг алоҳида қисмларига нисбатан чиқарилиши мумкин (ЖПКнинг 19-моддаси).

 Суд чиқарган ҳукм ва ҳал қилув қарорлари махсус электрон порталларда (шахсга доир маълумотлар сир сақланган ҳолда) эълон қилиб борилади. Бу орқали юристлар, талабалар ва оддий фуқаролар суд амалиётини ўрганиш имконига эга бўлади.

Оммавий ахборот воситалари (ОАВ) вакиллари, блогерлар ва журналистларнинг суд залларига эркин кириши, жараёнларни ёритиши ва жамиятга холис ахборот етказилиши таъминланади. ЖПКнинг 19-моддасига кўра,  суд залида овозларни ёзиб олиш, фотосуратга, видеоёзувга ва кинотасвирга олишга фақат суд мажлисида раислик қилувчининг рухсати билан йўл қўйилади, бу ҳақда тегишли ажрим чиқарилади. Суд мажлиси залида тартибни сақлаб туриш учун зарур бўлган ҳолларда, суд айрим шахсларнинг суднинг очиқ мажлисларида ҳозир бўлишини тақиқлашга ҳақли. Суд ҳукмлари, ажримлари ва қарорлари барча ҳолларда ошкора эълон қилинади.

Очиқ судлар — бу энг катта ҳуқуқий мактабдир. Бошқа бировнинг мулкини ўғирлаган, йўл қоидасини бузиб одам умрига зомин бўлган ёки фирибгарлик қилган шахснинг қандай жазоланаётганини кўрган одамлар ўзига тўғри хулоса чиқаради. Бу эса жиноятчиликнинг олдини олишда энг катта профилактикадир.

Бугунги кунда Ўзбекистонда судлар тизимида шаффофликни таъминлаш бўйича катта қадамлар ташланди. Эндиликда суд ишларини кўришда эски қоғозбозлик ва ёпиқлик ўрнини замонавий технологиялар эгалламоқда.

Муайян ишлар бўйича суд қарорлари Олий суднинг интерактив порталида эълон қилиб борилмоқда. Фуқаролар ўз иши қайси судьяга тушганини, қачон кўрилишини СМС орқали билиб олиши одатий ҳолга айланди. Баъзи ижтимоий аҳамиятга эга бўлган йирик жиноят ишлари (масалан, Сардоба фожиаси, Док-1 Макс иши ёки турли йирик фирибгарликлар) ОАВ орқали тўғридан-тўғри ёки қисман трансляция қилиниб, жамиятга кўрсатилди.

Бугунги ахборот асрида жамоатчилик иштирокини ОАВ вакилларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ҳамма ҳам иш ташлаб, суд залига бориб ўтиришга вақт тополмайди. Уларнинг ўрнига бу ишни журналистлар ва блогерлар бажаради.

Суд залида журналистнинг иштирок этиши — бу шунчаки янгилик излаш эмас, балки ижтимоий вакиллик институтидир. Аммо бу жараён икки томонлама масъулиятни талаб қилади. Судлар ОАВ вакилларини "халақит берувчи" сифатида кўрмасдан, улар билан соғлом мулоқот ўрнатиши керак. Ўз навбатида, журналистлар ва блогерлардан ҳам юксак касбий этика ва ҳуқуқий саводхонлик талаб этилади.

Хулоса қилиб айтганда, жамоатчилик иштироки ва одил судловнинг очиқлиги демократик давлат қуришнинг асосий шартларидан биридир. Судлар жамиятдан ажралиб қолган, осмондаги муассаса эмас, балки халқнинг дардини эшитадиган, адолатни қарор топтирадиган маскандир.

Аммо бу жараёнда биз фуқаролар ҳам фаол бўлишимиз керак. Очиқлик — бу фақат судлар бизга маълумот бериши эмас, балки бизнинг ҳам шу жараёнларга бефарқ бўлмай, қонун доирасида жамоатчилик назоратини ўрнатишимиздир. Кучли ва адолатли суд тизимини фақат давлатнинг ўзи эмас, балки ҳуқуқий онги юксак, талабчан ва адолатпарвар жамиятгина қура олади. Шундай экан, адолат тарозиси тўғри ишлаши учун унинг паллаларига барчамиз масъулмиз.

А.Баратов,
ТДЮУ ўқитувчиси