Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамоавий спорт турларини ривожлантириш ва иқтидорли ёшларни саралаб олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори (ПҚ-421-сон, 04.12.2024 й.) қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2025/2026 ўқув йилидан барча давлат университетларида волейбол, баскетбол, гандбол, регби, чим устида хоккей, сув полоси жамоавий спорт турлари бўйича, бошқа давлат олий таълим муассасаларида камида 3 та жамоавий спорт турлари бўйича спорт клублари ташкил этилади. 

2025/2026 ўқув йилидан жамоавий спорт турлари бўйича қуйидаги спорт мусобақаларини ўтказиб бориш йўлга қўйилади:

  • “Мактаб лигаси”;
  • “Талабалар лигаси” ва “Олий таълим кубоги”;
  • “Ректор кубоги”.

Вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари, давлат иштирокидаги тижорат банклари ва корхоналарда камида 3 та жамоавий спорт турлари бўйича спорт клублари ташкил қилинади. 

Бунда жамоавий спорт турлари бўйича идоравий ташкилотлар кесимида “Раҳбар кубоги”, маҳаллий ҳокимликлар кесимида “Ҳоким кубоги” мусобақалари ўтказиб борилади.

Қуйидагилар йўлга қўйилади:

  • тадбиркорлик субъектларида жамоавий спорт турлари бўйича спорт клубларини ташкил қилиш;
  • тадбиркорлик субъектлари спорт клублари ўртасида “Корпоратив спорт ўйинлари” спорт мусобақасини ўтказиб бориш.