Бу бежиз эмас, албатта. Чунки дунёда кечаётган глобал жараёнлар огоҳлик ва ҳушёрликни янада оширишни, тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш йўлида собитқадам бўлишни тақозо этмоқда. Шу боис, Қуролли Кучлар рақамли салоҳиятини юксалтириш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш, ҳарбий хизматчиларнинг замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш борасидаги билим ва кўникмаларини ошириш долзарб вазифага айланаётир.

Бу йўналишдаги ишларни такомиллаштириш мақсадида Тошкент ахборот технологиялари университети махсус факультети базасида Мудофаа вазирлиги ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти ташкил этилди.

Мазкур институт Мудофаа вазирлигининг давлат олий ҳарбий таълим муассасаси бўлиб, саккиз йўналиш бўйича тактик бўғиндаги офицер кадрлар тайёрлайди. Институтда ихтирочиликни ривожлантириш ва янги инновацион ғояларни татбиқ этиш мақсадида олтита замонавий ўқув-лаборатория фаолияти йўлга қўйилган.

Бугунги кунда Мудофаа вазирлиги раҳбарияти томонидан олий ҳарбий таълим муассасалари илмий салоҳиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, илмий тадқиқот ва изланишлар олиб бораётган ҳарбий хизматчилар, профессор-ўқитувчиларга шароит яратиб берилмоқда.

Қўшинларнинг жанговар руҳи ва салоҳиятини юксалтириш, хориждаги илғор тажрибаларни ўрганиш асосида жанговар шайлиги ва маҳоратини ошириш ҳам муҳим вазифа. Ҳозир миллий армиямизни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминлаш мақсадларига бугунги кунда дунёнинг турли минтақаларида кузатилаётган ҳарбий можаролар хусусиятларини, қўшинларни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ҳисобга олган ҳолда эътибор қаратилган.

Бу борада энг зарур қурол-аслаҳа ва анжомлар сотиб олиш, уларни янги жанговар тизимлар билан биргаликда қўллаш ва такомиллаштириб бориш доимо эътибор марказида бўлмоқда. Зеро, мудофаа саноатини тизимли ривожлантириш, учувчисиз учиш аппаратлари, зирҳли автомашиналар комплексини такомиллаштиришни ҳаётнинг ўзи тақозо этаётир.

Ҳозирги кунда бу йўналишда тизимли асосда ишлар давом этяпти. Хусусан, мудофаа саноати самарали фаолият юритиши учун тегишли давлат комиссияси ташкил этилди. Мудофаа вазирлиги ҳузурида Мудофаа саноати агентлиги фаолият юритяпти.

Қуролли Кучлар ва куч тузилмалари билан ҳамкорликни кучайтириш, биргаликдаги ҳаракатлар самарадорлиги ва мувофиқлашганлик даражасини ошириш ҳамда юқори малакали ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизимини мунтазам равишда такомиллаштириб бориш ҳам муҳим вазифа. Ушбу йўналишда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида олий ҳарбийлаштирилган таълим муассасалари тўғрисида низом тасдиқланган. Мазкур ҳужжат хавфсизлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизимидаги олий ҳарбийлаштирилган таълим муассасалари мақсади ва асосий вазифаларини, таълим жараёнини ташкил этиш, шунингдек, таълим тизимини бошқариш тартибини белгилайди.

Таълим олувчиларни мутахассислик фанлари бўйича чуқурлаштирилган ва касбга йўналтирилган ҳолда ўқитиш, интеллектуал жиҳатдан камол топиши ва маънавий ривожланишини таъминлаш ҳамда юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, юқори малакали мутахассис кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш таълим муассасалари фаолиятининг мақсади ҳисобланади.

Ўтган йили ҳарбий қисмларда илк бор “Амир Темур жанговар байроғи учун” мусобақалари бўлиб ўтди. Қўшинларнинг жанговар тайёргарлигини ошириш, ҳарбий анъаналарни янада мустаҳкамлаш, буюк аждодларимизга муносиб мард ва жасур, билимли ва жисмонан бақувват Ватан ҳимоячиларини тарбиялашда ушбу мусобақалар беқиёс аҳамиятга эга.

Айни вақтда ўзбек аскарлари халқаро майдонларда ўтказилаётган кўплаб нуфузли ҳарбий мусобақаларда ҳам фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда. Жумладан, ҳарбийларимиз халқаро армия ўйинлари, “Кембрия патрули” ва бошқа йирик ҳарбий-спорт мусобақаларида бир неча йиллардан буён салмоқли ютуқларни қўлга киритаётгани барчамизни қувонтиради.

Ёшларни ҳарбий ватанпарварлик, юксак маънавий-ахлоқий қадриятлар руҳида тарбиялаш бўйича тизимли ишларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада ўтган йили мамлакатимиз бўйлаб “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳаракати ташкил этилди. Барча умумтаълим мактабларида мазкур ҳаракатнинг 20 мингдан зиёд ўқувчи-ёшни қамраб олган гуруҳлари тузилгани фарзандларимиз қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётганини таъкидлаш лозим.

Қуролли Кучлар академияси ислоҳ қилиниб, келгусида унинг ҳарбий илм-фан соҳаси локомотивига айланиши учун мустаҳкам замин яратилди. Олий ҳарбий таълим муассасаларида ҳам янгича ёндашув ва ўқув услублари жорий этилмоқда.

Ўзбекистон Қуролли Кучларининг қудрати, мамлакатнинг мудофаа қобилияти ва ҳарбий салоҳиятини янада ошириш борасида муҳим чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этиляпти. “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасида бу жабҳадаги ишларни янада янги, юқори босқичга кўтариш билан боғлиқ муҳим чора-тадбирлар белгиланмоқда.

Уларни ўз вақтида амалга ошириш халқимиз хавфсизлиги, тинчлиги ва осойишталигини сақлашда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, бу йўналишдаги қизғин ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг рўёбга чиқишига ҳисса қўшиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Зеро, фақат тинчлик-осойишталик орқалигина кўзлаган эзгу мақсадларимизни рўёбга чиқаришга, мамлакатимизнинг ҳар томонлама ривожланишини таъминлашга эришамиз.

Қутбиддин БУРҲОНОВ,

Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва

хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси