Учрашувда икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари кўриб чиқилди. Хусусан, суҳбатдошлар Фарғона вилоятида икки томонлама муҳим лойиҳаларнинг амалга оширилиши билан танишдилар.
Бугунги кунда Корея-Ўзбекистон ишбилармонлар уюшмасига аъзо бўлган Жанубий Кореянинг «Hanshin Engineering & Construction» компанияси иштирокида Қўқон шаҳрида замонавий уй-жой мажмуасини барпо этиш, «EDULINK Global» компанияси иштирокида Жанубий Корея андозасидаги болалар боғчалари, «Somang» компанияси иштирокида меҳмонхона қуриш ва Фарғона шаҳридаги Корея халқаро университетини (KIUF) кенгайтириш лойиҳалари амалга ошириляпти.
Бундан ташқари, учрашув чоғида KIUF ва Фарғона шаҳридаги Президент мактаби ўртасида ўзаро ҳамкорлик ва қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Хайрулло Бозоров Ким Чанг Кеон фаолиятини ва унинг йиллар давомида икки давлат, хусусан, Фарғона вилояти ва Жанубий Корея ўртасидаги иқтисодий тараққиёт ҳамда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга қўшган улкан ҳиссасини юқори баҳолади.
Ўз навбатида, Ким Чанг Кеон вилоят раҳбариятига Жанубий Корея компаниялари лойиҳаларини илгари суришдаги фаол ўрни ва доимий қўллаб-қувватлаши учун миннатдорлик билдирди.
Учрашувда Инчон шаҳри мери Ю Чон Бокнинг Жанубий Корея ишбилармон доиралари вакиллари ҳамроҳлигида Фарғона вилоятига бўлажак ташрифи ҳам муҳокама қилинди. Режалаштирилган ташриф доирасида Инчон шаҳри ҳокимлиги ва Фарғона вилояти ҳокимлиги ўртасида ўзаро биродарлик муносабатлари тўғрисидаги Битим имзоланиши ҳамда Фарғона ва Инчон шаҳарларининг халқаро аэропортлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни очиш масаласи муҳокама қилиниши режалаштирилган.
Томонлар Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаш доирасида икки томонлама маданий ҳамкорлик ва ўзаро алмашувни янада кенгайтириш истиқболлари юзасидан ҳам фикр алмашдилар.
Хусусан, Жанубий Кореядаги энг йирик симфоник оркестрлардан бири – Корея эстрада оркестри жорий йилда Фарғона вилоятига ўз дастури билан келиши режалаштирилгани қайд этилди, деб хабар беради «Дунё» АА.