Мамлакатимизнинг Сеулдаги элчихонаси маълумотига кўра, яқинда Корея Республикасида ишлаётган ватандошимиз А.Тешабоев оилавий маблағлари ҳисобидан Андижон вилояти, Пахтаобод тумани, «Юқори» маҳалласи худудида кўп тармоқли даволаш ва диагностика тиббий маркази фаолиятини йўлга қўйди.
Марказнинг тантанали очилиш маросимда янги тиббиёт муассасасида фаолият юритиш учун келган Жанубий кореялик малакали врачлар, вилоят, туман ҳокимликлари, тиббиёт соҳаси вакиллари иштирок этди, дея хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Беморларга аниқ ташхис қўйиш ва самарали даволаш мақсадида марказга Жанубий Кореядан энг сўнгги тиббий асбоб-ускуналар олиб келинди.
Тиббиёт муассасасида Жанубий Корея ва АҚШнинг нуфузли тиббиёт олий билим юртларида таҳсил олган корейс врачлари билан ҳамкорликда маҳаллий мутахассислар ҳам диагностика ва даволаш ишларини олиб боради.
Кўп тармоқли марказда фуқароларимизга 18 дан ортиқ йўналиш бўйича тиббий хизматлар кўрсатилади.
Сармоядор ватандошимиз А.Тешабоев ва унинг оиласининг асосий мақсади мамлакатимизда тиббиёт соҳасида фаолият юритиш учун тақдим этилаётган имкониятлардан кенг фойдаланган ҳолда вилоят ва туман аҳолисига сифатли тиббий хизмат кўрсатишдан иборатдир.