Тадбирда Евроосиё туркшунослик институти, Корея -Ўзбекистон Бизнес ассоциацияси, Корея савдо ва инвестицияларни ривожлантириш агентлигининг Яқин Шарқ, Африка ва МДҲ тадқиқотлари гуруҳи, Ханкук хорижий тиллар университети Марказий Осиё тадқиқотлари институти, Кемёнг университети Сиёсатшунослик ва халқаро алоқалар факультети, Ханкук Хорижий тиллар университетининг Марказий Осиё тадқиқотлари институти раҳбарлари ва ходимлари, бошқа расмий шахслар иштирок этди. Шу билан бирга, тадбирда «Корея - Марказий Осиё» Ҳамкорлик форуми котибияти, Корея Экспорт-импорт банкининг Хориждаги иқтисодий тадқиқотлар институти вакиллари ва бошқа ҳамкорлар онлайн тарзда қатнашди.

Илмий-амалий анжуманда Жанубий кореялик сиёсатчилар, таҳлилчи ва экспертлар мустақиллик йилларида юртимизда эришилган муваффақиятлар, сўнгги 5 йил ичида Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, ташқи сиёсатда конструктив алоқаларнинг йўлга қўйилиши, минтақадаги қўшни давлатлар билан муносабатлардаги ижобий ўзгаришлар, иқтисодиётни либераллаштириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, экология муаммоларини бартараф этиш, ёшлар сиёсати, гендер тенглик масаласига берилаётган эътибор, сайлов қонунчилигидаги ўзгаришларга юқори баҳо берди.

Корея Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги собиқ элчиси, Кемёнг университети профессори Чон Де Ваннинг фикрича, икки мамлакат раҳбарларининг алоҳида қизиқиши ва интилиши туфайли Ўзбекистон, шубҳасиз Жанубий Кореянинг Марказий Осиёдаги энг йирик ҳамкорига айланди ва ўзаро муносабатлар алоҳида стратегик шериклик даражасига кўтарилди.

Унинг таъкидлашича, «бугун дунёда Европа иттифоқи, Евроосиё иқтисодий иттифоқи ва бошқа қатор бирлашмалар мавжуд бўлиб, улар асосан сиёсий ва иқтисодий соҳаларга эътиборини қаратади. Ўзбекистон ва Жанубий Корея эса ҳозирги «алоҳида стратегик шериклик» доирасидан ташқари ҳамкорлик парадигмасини ўзгартирадиган «Ижтимоий коалиция»ни яратиш орқали ўзаро ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиши мумкин.

KOTRA вакили Пак Жи Воннинг қайд этишича, бугунги кунда Корея компаниялари Ўзбекистонда асосан ишлаб чиқариш, энергетика, логистика, телекоммуникация ва молия соҳаларига сармоя киритяпти, Ўзбекистон импорт ўрнини босиш ва саноатлаштиришда ўз ҳиссасини қўшган ҳолда Кореянинг Марказий Осиёдаги энг ишончли ҳамкорига айланяпти.

Экспорт-импорт банкининг Хориждаги иқтисодий тадқиқотлар институти катта илмий ходими Жо Юнг Кваннинг фикрича, икки давлат раҳбарлари ўртасида 2021 йил январь ойида бўлиб ўтган онлайн-саммитда эркин савдо тўғрисидаги икки томонлама битимни имзолаш бўйича музокаралар бошлангани расман эълон қилинди. Томонлар илгари сураётган савдо шартномаси - бу эркин иқтисодий келишувнинг янги модели бўлиб, у иккала мамлакатда ҳам бозорларнинг очилиши билан биргаликда Кореянинг саноатни ривожлантириш тажрибаси ва эркин савдо келишувини илгари суриш тажрибаси билан ўртоқлашиш орқали Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшишни ўз ичига олади.

Ханкук хорижий тиллар университети Марказий Осиё тадқиқотлари институти тадқиқотчиси Юн Си На ўзаро маданий-гуманитар алоқалар ҳақида тўхталар экан, таълим соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратди. Унинг қайд этишича, Марказий Осиёда Ўзбекистон аҳолисининг таълим даражаси энг юқорилиги билан ажралиб туради. Таълим бўйича алоҳида учта вазирлик - Мактабгача таълим, Халқ таълими ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларига бўлинганлиги ушбу соҳага давлат даражасида қанчалик катта эътибор ва куч сарфланаётганлигини кўрсатиб турибди.

Ҳозирги вақтда Жанубий Корея ва Ўзбекистон ўртасида таълим соҳасида тажриба алмашиш, илғор таълим тизимлари, ўқитиш усулларини яратиш борасида ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ўзбекистонда аҳоли орасида корейс тили ва маданиятини ўрганишга бўлган қизиқишнинг ортиб бориши натижасида бугунги кунда Тошкентда «Корея таълим маркази» ва «Сежонг Хакданг» тил маркази фаолият олиб боряпти. Истиқболда улар сонини янада кўпайтириш режалаштирилган.

Шу ўринда Жанубий Кореяда ўзбек тили ва маданиятини кенг тарғиб қилиш, ишбилармонлар ва кенг жамоатчиликка, шунингдек, Ўзбекистонга қизиққан корейс фуқаролари, талаба ёшларига етарли маълумотларни тақдим этиш ва икки мамлакат ўртасида маданий алмашинувни рағбатлантириш имкониятларини кенгайтириш ҳақида ҳам фикр юритилди.

Шу боис икки давлат маданиятлари ўртасидаги ўзаро ҳамфикрлик ва мулоқотни янада мустаҳкамлаш мақсадида Кореяда «Ўзбекистон маданият маркази»ни ташкил этиш масаласини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди

«Жанубий Корея -Марказий Осиё» ҳамкорлик форуми котибияти ижрочи директори Ким Сонг Иннинг таъкидлашича, Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг ўтган 30 йил мобайнида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари асосан савдо, иқтисодиёт ва сармояларга қаратилганлигини ҳисобга олсак, келгуси 30 йил ичида мамлакатларимиз ҳамкорлигининг доираси ва даражасини нафақат инсоният учун жиддий таҳдид солаётган глобал экологик муаммоларни ҳал қилиш, балки маданият, санъат ва илмий доираларда ҳам янада кенгайтириш ва чуқурлаштиришга қаратилади.

Шунингдек, анжуман иштирокчиларига 15-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференция якунлари бўйича ҳам кенг маълумот тақдим қилинди. Ушбу халқаро конференцияда Президентимиз томонидан илгари сурилган муҳим ташаббуслар Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида барча йўналишларда – савдо иқтисодий, транспорт-коммуникациялари, хавфсизлик ва барқарорлик, шу билан бирга маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун жуда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.

Бундан ташқари, тадбир чоғида жорий йил сентябрь ойида Хива шаҳрида бўлиб ўтадиган «Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида» мавзусида халқаро маданият форуми ўтказилиши ҳақида ҳам сўз юритилди. Бўлажак форумнинг минтақа ва унинг сарҳадларидан ташқарида цивилизациялар шаклланишида муҳим роль ўйнаган Марказий Осиёнинг умумий маданияти ва меросини ўрганиш учун яна бир ажойиб имконият бўлиши таъкидлангани ҳолда Жанубий кореялик мутахассислар ушбу маданият форумига таклиф этилди, деб хабар беради «Дунё» АА.