Жанубий Урал давлат аграр университетининг Троиск шаҳридаги филиалида ўтказилган Наврўз тадбирини олий ўқув муассасаси раҳбари С.Черепухина кириш сўзи билан очди. Филиал директори талабаларни Наврўз айёми билан самимий қутлаб, мазкур байрам туркий халқлар, жумладан, ўзбек халқининг кўҳна маданияти ва меросини Россияда оммалаштиришга замин яратишини таъкидлаб ўтди.
Байрам тантанасида маданий дастур намойиш этилди.
Бош консулхона ходимлари мазкур университетда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан мулоқот ўтказди. Унда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, яратилаётган шарт-шароит ва имкониятлар ҳақида маълумот тақдим этилди.
Университет ректори билан учрашувда ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. С.Черепухина ўзбекистонлик талабаларнинг тиришқоқ ва илмга чанқоқлигини таъкидлади ҳамда университетга янада кўпроқ ватандошларимиз таълим олиши учун имкониятлар мавжудлигини билдирди.
Челябинск шаҳридаги Жанубий Урал давлат университетида бўлиб ўтган Наврўз айёми тантаналарида ректор А.Шестаков иштирок этди. Шунингдек, Челябинск вилояти таълим ва фан вазири А.Кузнетсов байрам кечаси қатнашчиларини Наврўз айёми билан онлайн шаклда муборакбод этди.
Байрам дастуридан ўрин олган миллий қўшиқлар ва ўзбек анъаналарига бағишланган саҳна кўринишлари иштирокчиларга хуш кайфият бахш этди.