Мамлакатимизда аҳоли учун муносиб яшаш шароитларини яратиш, замонавий ва шинам турар жойлар барпо этиш ишлари изчил кенгаймоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 12 октябрдаги фармонига мувофиқ, “Янги Ўзбекистон” массивларининг қурилиши ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда.
Замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида барпо этилаётган шундай лойиҳалардан бири Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида қад ростламоқда.
Чўл ҳудудини ўзлаштириш ҳисобига бунёд этилаётган массивнинг 50 гектарида 116 та кўп қаватли уй қурилиши режалаштирилган. Ҳозиргача поликлиника, 180 ўринли боғча, 330 ўринли мактаб ва маҳалла биноси фойдаланишга топширилиб, 68 та уйдаги 1,5 мингта хонадонга аҳоли кўчиб кирди.
Шунингдек, ахборот технологиялари ва инглиз тили ўқув маркази иш бошлаган, 7 та микромарказ ҳамда 5 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объекти қурилган. Ичимлик суви, иссиқлик тармоқлари, 3 километрга яқин газ қувури тортилиб, 250 киловаттли трансформатор ўрнатилган. 4,5 гектар ерга манзарали ва мевали дарахтлар, дашт ҳудудидаги 300 гектар майдонга эса саксовул ўсимликлари экилган.
Келгусида бу ерда яна 50 га яқин уй қурилиши кўзда тутилган. Хусусан, жорий йилда яна 14 та (280 хонадонли) кўп қаватли уй-жой, янги йўллар, кўкаламзорлаштириш ишлари ҳамда истироҳат боғи барпо этилиши режалаштирилган.
Ташриф чоғида Президентимиз массив ҳудудида фаолият юритаётган “Янги ёшлар” бошқарув сервис компаниясининг иши билан танишди. Компания тумандаги 161 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатади, шундан 54 таси мазкур массивда жойлашган. Ҳудуддаги кўп қаватли уйлар томига 5-15 киловаттли қуёш панеллари ўрнатилган.
Инклюзив таълим ҳар бир боланинг жисмоний ёки ақлий ҳолатидан қатъи назар, мактабга бориши ва сифатли таълим олишини таъминлашни назарда тутади.
Давлатимиз раҳбари массивдаги 66-мактабда яратилган шарт-шароитлар, хусусан, ногиронлиги бўлган болалар учун ташкил этилган имкониятлар билан танишди.
Мактабда бугун 500 дан зиёд ўқувчи таълим олмоқда. Ногиронлиги бор болаларни замонавий стандартлар асосида ўқитиш учун алоҳида ёндашувлар жорий этилган, 50 га яқин махсус мутахассис ва педагоглар фаолият юритмоқда. Мактаб ҳовлиси, йўлаклар, ўқув хоналари, овқатланиш, муолажа хонаси ҳамда спорт зали зарур шароитлар билан таъминланган.
Давлатимиз раҳбари мактабда яратилган шароитлар билан танишар экан, сунъий интеллект, рақамлаштириш билан боғлиқ йўналишларнинг ёшлар ҳаёти ва келажаги учун нақадар муҳимлигига эътибор қаратди.
– Сунъий интеллектга ўқитиш дастурларини бежиз мактаблар таълимига жорий этмаяпмиз, ўқувчилар олий таълим муассасалари, меҳнат бозорига келажак касблари учун тайёр бўлиб боришларини истаймиз, – деди Президент.
Шундан сўнг Президентимиз массивдаги хорижий тиллар ва ахборот технологиялари ўқув марказини кўздан кечирди.
6,5 миллиард сўм ҳисобига барпо этилган 400 ўринли мажмуа йилига 2 мингдан ортиқ ёшга таълим олиш ва лойиҳалар устида ишлаш имконини беради. Бу ерда 200 нафарга яқин ўқувчи компьютер саводхонлиги ва “front-end” йўналишларини муваффақиятли якунлаб, сертификат олган. 150 нафарга яқин ўқувчи IELTS имтиҳонларида В2 ва ундан юқори натижаларни қайд этган. Марказда 20 га яқин мутахассислар фаолият юритмоқда.
Давлатимиз раҳбари ёшларни илмга йўналтириш, жумладан, хорижий тилларни ўргатишга қаратилган бундай мажмуалар аҳамиятига алоҳида тўхталди.
– Бугун бундай марказларнинг келажак интилишларини қўллаб-қувватлашимиз, керак бўлса, уларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириб, хорижий ҳамкорлар билан боғлашимиз лозим. Шунда ота-оналар фарзандларини ишонч билан мана шундай марказларда ўқитади, – деди Президент.
Кўклам яқинлашиши билан ҳудудларда баҳорий байрам сайилларини уюштириш анъанага айланган. Президентимиз массивдаги сумалак сайлида иштирок этиб, аҳоли билан бирга шодиёна кайфиятда бўлди, бу ерда истиқомат қилаётган инсонларнинг самимий фикрларига қулоқ тутди.
– Бугун жаҳон ҳамжамияти Ўзбекистонга ҳурмат билан қарамоқда, халқимиз учун яратилаётган шароитларни кўриб, ислоҳотларнинг самарасига гувоҳ бўлмоқда. “Янги Ўзбекистон” массивлари ҳам одамларимиз фаровон ҳаёт кечириши, шинам уйларда яшаши учун барпо этиляпти. Мен доим “таълим-таълим” деб бежиз айтмаяпман. Билимимиз, мана шундай бунёдкорона меҳнатимиз билан юртимизнинг обрў-эътиборини янада юксалтириб, дунёда муносиб ўрин эгаллаймиз. Сурхондарёнинг эли меҳнаткаш, танти, бу ерда ҳали кўп янгиликларни амалга оширамиз, – деди Президент.