Бунга сабаб эса, ҳар бир давлат ўз қонунчилигини яратаётганда биринчи навбатда “Халқаро ҳуқуқнинг” умумеътироф этилган қоидаларига юзланади. Бунда улар чет эл тажрибаларини ўрганади ва давлатнинг ўз миллий анъаналарига асосланган ҳолда ўзи учун керакли бўлган қоидаларидан фойдаланган ҳолда, қонунчиликни яратади ва унга ўзгартиришлар киритадилар. Мисол учун хорижий мамлакатлардан Германия, Франция, Швецария, шунингдек, МДҲ мамлакатларидан Россия, Украина, Озарбайжон ва Беларуссия мамлакатларининг жиноят ҳуқуқида жиноят ва жиноят процессуал қонунчилигига асосан, Жиноят кодекси махсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахслар, амалда пушаймон бўлсалар, ушбу шахсларнинг жавобгарликдан ва жазодан озод бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги қоидалар келтириб ўтилган.

Мисол учун Германиянинг Жиноят кодексига  мурожат қилинадиган бўлса, Германия Жиноят кодексининг 56-моддасига асосан, маҳкум агарда Жиноят кодексининг тегишли моддасида назарда тутилган бир йилдан кўп бўлмаган, озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинадиган бўлса, суд маҳкумни огоҳлантиради ва унга нисбатан жазо тайинламасдан шартли синов белгилаши ва жазонинг ижросини тўхтатиб қўйиши мумкинлиги айтиб ўтилган. Бунда маҳкумнинг қанча жиноят содир этганлиги, маҳкумнинг шахсияти, унинг ўтмишдаги ҳаёти, қилмишининг ҳолати, ҳозирги қилган ҳаракатларидан кейинги хатти-ҳаракатлари, унинг яшаш шароити ва тўхтатиб туриш натижасида кутилаётган таъсирларни ва бошқаларни инобатга олган ҳолда маҳкумга нисбатан шартли синов белгиланиши ва жазонинг ижросини тўхтатиб қўйиш мумкинлиги ҳақида қоидалар келтириб ўтилган.

Германия Жиноят кодексининг 56-моддаси 2-қисми 1-бандига асосан, суд маҳкумнинг қилмиши ва шахси айбланганидан кейин алоҳида ҳолатлар мавжуд бўладиган бўлса, икки йилдан ошмайдиган юқори суд ҳукмнинг ижросини тўхтатиши мумкин деб келтириб ўтилган. Бунда яна қарор қабул қилинаётганда, маҳкумнинг жиноят оқибатида етказилган зарарни қоплашга қаратилган ҳаракатлари ҳам ҳисобга олиниши лозим ҳисобланади.

Германияда маҳкумларга бериладиган синов муддатининг давомийлиги беш йилдан ошмаслиги ва икки йилдан кам бўлмаслиги лозимлигини судлар белгилаб бериши ва уларнинг қанча муддат тайинланишни ҳам судялар мустақил амалга оширишлари айтиб ўтилган.

Германия Федератив Республикасининг Жиноят кодекси 79-моддаси, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексининг 69-моддасида келтирилган жазони ижро этиш муддатининг ўтиб кетганлиги муносабати билан жазодан озод қилишга мосдир. Ушбу моддага асосан, жиноят содир этган шахсга нисбатан жазо чоралари даъво муддати ўтиб кетгандан кейин қўлланилмаслиги келтириб ўтилган. Даъво муддатлари қуйидагилар ҳисобланади:

  • ўн йилдан ортиқ озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинганларга нисбатан – йигирма беш йил;
  • беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилинганларга нисбатан – йигирма йил;
  • бир йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилинганларга нисбатан – ўн йил;
  • бир йилгача озодликдан маҳрум қилинадиганлар ва кунлик ўттиз бараваргача миқдорда жарима солинадиганларга нисбатан – беш йилгача;
  • бошқарув назорати ва қамоққа олишнинг бошқа ҳолатлари бўйича – беш йил;
  • бошқа чоралар бўйича – ўн йил.
  • қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси вақт билан чекланмаган.

Германия Жиноят кодексида муддат ўтганлиги сабабли жазодан озод қилиш муддатлари юқорида пастга қараб, оғирдан енгилга томон борар экан. Бизнинг Жиноят кодексимизда эса енгилдан оғирга қараб бориш белгилаб қўйилган. Бундан ташқари Германия Жиноят кодекси 79-моддасида жазоларнинг бошқа турлари бўйича ҳам жазодан озод қилиш муддатининг ўтиши сабабли жазодан озод қилиш белгилаб қўйилган экан. Бироқ Германия қонунчилиги бўйича маҳкумларни муддат ўтганлиги муносабати билан жазодан озод қилишда, ўтадиган муддат жуда кўп эканлигини кўриб чиқдик. Бу эса қонунчиликда маҳкумларнинг ахволини оғирлаштиришга хизмат қилиши мумкин.  Аммо, уларнинг қонунчилигида жазога тортиш муддатларининг ўтишида, жарима ва бошқа чораларга нисбатан ҳам муддат белгилаб қўйилганлиги диққатга сазовордир.

Агарда қамоқ жазоси ва жарима жазоси бир вақтнинг ўзида тайинланса, ёки жазога қўшимча равишда озодликдан маҳрум қилиш, мусодара қилиш каби ҳолатлар мавжуд бўладиган бўлса, битта ҳукм ёки чоранинг ижро этилиши, бошқаларига нисбатан олдинроқ тугайди. Бироқ, бир вақтнинг ўзида тайинланган эҳтиёт чораси жазо ёки бошқа чораларнинг ижро этилишини чеклаш муддатига тўсқинлик қилмайди.

Даъво муддати суднинг қарори қонуний кучга кирган вақтдан бошлаб ҳисобланади.

Баъзи давлатларнинг Жиноят кодексларида ҳукмларни ижро этиш муддатини узайтириш белгиланган. Шу билан бирга Германия Федератив Республикаси Жиноят кодексининг 79-моддаси қоидаси диққатга сазовордир. Унга кўра, суд муддати тугашидан олдин, агарда судланувчи у амалга ошириб бўлмайдиган жойда бўладиган бўлса, (яъни, яширинадиган, бўйин товлайдиган бўлса) жазони ижро этадиган органнинг илтимосига асосан, суд муддати тугашидан олдин, қонунда белгиланган муддатнинг ярмига узайтирилиши мумкинлиги белгилаб қўйилган. Бизнинг қонунчилигимизда эса ушбу муддат икки баробарга ошиши келтириб ўтилган. Ушбу қоидадан наъмуна олиб суд-ҳуқуқ амалиётини такомиллаштириш лозим.

 

Аброржон Отажонов,

Тошкент давлат юридик университети Жиноят ҳуқуқи,

криминология ва коррупцияга қарши курашиш кафедраси профессори