Қарорга кўра, жазони ўтаётган ёшларни замонавий касбларга ўқитишга қаратилган “Иккинчи имкон” ижтимоий реабилитация миллий лойиҳаси амалга оширилади.
Лойиҳа доирасида 2026 йил 1 июндан Тошкент, Навоий ва Қашқадарё вилоятларидаги, 2027 йил 1 мартдан республиканинг бошқа ҳудудларидаги жазони ижро этиш муассасаларидаги ёшларни замонавий рақамли касбларга ўқитиш тизими йўлга қўйилади. Бунда:
ўқув курслари 8–12 ойлик интенсив ўқув дастурлари асосида жазони ижро этиш муассасаларида ташкил этилади;
ўқув курсларига ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ва оғир жиноятларни содир этган жазони ўтаётган ёшлар жалб қилинади;
ўқув курсларига жалб қилинганлар хорижий тилларни (инглиз, рус, хитой ва бошқалар) ўрганиш бўйича ягона интенсив дастурлар асосида ҳам ўқитилади;
ўқув курслари якуни бўйича тегишли дастурларни ўзлаштирган жазони ўтаётган ёшларга электрон шаклдаги сертификатлар берилади.