Ёзувчилар уюшмасининг ижодий учрашувлар залига кириб борар эканмиз, адабий давраларимиз тобора гавжумлашиб, шеъриятга ошно қалблар сафи кенгайиб бораётганидан кўнглимиз ёришди.

Уюшма аъзоси, шоира Зилола Хўжаниёзова қаламига мансуб “Соғинч шивирлари” ҳамда “Ҳулво” номли китобларини варақлар эканмиз, адабиётшунос Қозоқбой Йўлдош таъкидлаганидек, сўзлар қатидаги самимий дард оловини ҳис қилдик. Ушбу китоблардан бири Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Adabiyot”, бошқаси Туркиянинг “Baygench” нашриётида чоп этилган.

Тақдимотни кириш сўзи билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Ғайрат Мажид очиб берди. Шунингдек, таниқли шоир ва адабиётшунослар Эшқобил Шукур, Салим Ашур, Амир Худойберди, Гулноз Сатторова, Раҳимбой Жуманиёзов ва бошқалар китобларнинг мазмун-моҳияти, мавзулари, шеърларда шоирнинг акс этган қувонч ва ғамлари ҳақида сўз юритди.

– Нега ҳамиша кўксимизда бир денгиз сузиб юради, нега доимо ёмғир тўла осмон адашгани адашган, – дейди таниқли шоира Ҳалима Аҳмедова. – Одам зоти борки, мудом бахтга талпинади. Бахтга етганимизда эса у чиройли жилмайиб дейди: Агар қайғунинг бир томчиси менга қўшилмаганида эди, бу қадар қадрли бўлмасдим. Шоирлар кўнглида ҳам мангу уйғоқ бахт ва қайғунинг ширин шивирлашлари бор.   

Шоира бир шеърида:

 

Дарахтларнинг сирғасин ечиб,

Олиб қочар ўйинқароқ ел.

Деразамдан сездирмай кириб,

Жилмаяди мен суйган апрель.

...Атиргуллар кўйлаги қат-қат,

Қимтибгина ечишар наҳор.

Ширин эртак бошлагин фақат

Муҳаббатдан сўз очма, баҳор, – дейди ял-ял ёнган юрак билан.

Аслида яхши шеърлар юрак ярасидан силқиётган сўз эвазига яралади. Ана шу дарднок ва ёруғ сўзга бўлган ишқ Зилолани тарк этмасин ва “Соғинч шивирлари” ҳар бир ўқувчи қалбида акс-садо беришини тилаб қоламан”.

Шоиранинг қардош Туркияда нашр этилган “Ҳулво” номли китоби сўзбошиси муаллифи – адиб ва таржимон Арслан Байир. Шеърларни ўзбекчадан турк тилига ёш таржимон Раҳмат Бобожон ўгирган. 80 та шеър ўрин олган таржима китобдаги шеърлар ўзбек ва турк адабий дўстлигига ҳисса бўлиб қўшилади, деган умиддамиз.

Тақдимотда хонанда Шарофиддин Муродов Зилола Хўжаниёзова шеърлари асосида яратилган қўшиқларни куйлади.

Тадбир сўнггида муаллиф меҳмонларга ўз китобларини совға қилди.

Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири