“Ҳудудгазтаъминот” АЖ бошқарув раисининг тегишли топшириғи билан жойларда табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш ва уларни олдини олишга қаратилган назорат тадбирлари давом эттирилмоқда. Ишчи гуруҳ вакиллари, газ таъминоти филиали комплаенс назорат тузилмалари ва Ўзэнергоинспекция ҳамкорлигида ўтказилган рейдлар вақтида Жиззах вилоятидаги бир нечта автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида (АГТКШ) қоидабузарликлар аниқланди.

Фориш тумани “Эгизбулоқ” МФЙда жойлашган “C. С.” МЧЖга қарашли АГТКШ хатловдан ўтказилганда, ҳисоблаш ускунасига ташқи таъсир ўтказилгани аниқланди. Ҳолат юзасидан далолатнома тузилиб, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 6 миллиард 12 миллион сўмлик зарарлар қайд этилди.

Яна бир ҳолат Шароф Рашидов туманида жойлашган “Ш. Т.” МЧЖга қарашли “метан заправка”да аниқланди. Хатлов вақтида истеъмолчи электрон газ ҳисоблаш ускунасига ташқи таъсир ўтказгани маълум бўлди. Ҳолат бўйича далолатнома расмийлаштирилиб, дастлабки хулосаларга кўра, 406 млн сўмлик табиий газ ҳажмлари қайта ҳисоб-китоб қилинди.