Жиззах вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими томонидан Давлат хавфсизлик хизмати идоралари вакиллари ҳамда Самарқанд вилояти божхона бошқармаси билан ҳамкорликда Самарқанд вилоятида ўтказилган тезкор тадбирларда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айлануви олди олинди.
Тезкор тадбир давомида аввалдан кузатувга олинган фуқаро Ф.Б. бошқарувидаги “Эпика” русумли автотранспорт воситаси белгиланган тартибда кўздан кечирилганида, автотранспорт воситаси салони орқа ўриндиғида 1 дона полиэтилен ўрам борлиги аниқланди.
Мазкур ўрам очиб кўрилганида эса, унинг ичидаги модда экспертиза хулосасига кўра, соф оғирлиги 1 кг. 17 гр.ни ташкил қилувчи “гашиш” гиёҳвандлик воситаси эканлиги маълум бўлди.
Тезкор тадбирлар давомида шу куни Самарқанд туманида истиқомат қилувчи яна бир шахс Б.Б.нинг хонадони ҳам белгиланган тартибда кўздан кечирилганида, ертўладаги автомобил баллони шинаси ичига 3 дона полиэтилен ўрамлар яшириб қўйилганлиги фош қилинди.
Мазкур ўрамларнинг бирида 1 кг. 25 гр. оғирликдаги “гашиш”, қолган иккита ўрамда эса 2 кг. 65 гр. оғирликдаги “опий” – жами 3 кг. 90 гр. оғирликдаги гиёҳвандлик воситалари борлиги аниқланди.