Жиззах Олимпия захиралари коллежида бўлиб ўтаётган беллашувларда республикамизнинг барча ҳудудларидан келган 900 нафарга яқин ёш полвонлар жами 15 та вазн тоифаси бўйича ғолиблик учун беллашади.

Ўзбекистон кураш федерацияси, Жиззах вилояти ҳокимлиги, вилоят прокуратураси ҳамда вилоят Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақанинг очилиш маросимида ўзбек курашининг тарихи, миллий маънавиятимизда тутган ўрни ҳақида сўз борди.

Таъкидланганидек, кураш тарбия мактаби бўлиб, у инсонда ҳалоллик, мардлик ва юксак ахлоқ каби хислатларни шакллантиришга хизмат қилади. Ана шу жиҳатлари билан курашимизнинг дунё миқёсида нуфузи ортиб бораётгани эътироф этилди.

Янгилик сифатида жанговар кураш йўналиши бўйича кўргазмали чиқишлар томошабинлар эътиборига ҳавола қилинди.

Чемпионатнинг дастлабки кунида қизлар 44 килограмм, 48 килограмм ва 52 килограмм вазн тоифаларида гиламга чиқишган бўлса, ёшлар 55 килограмм, 60 килограмм ва 66 килограмм вазн тоифаларида курашга тушишди.

Ўз вазн тоифаларида кучлилар саралангач, финал беллашувлари бўлиб ўтди. Жумладан, қизлар ўртасида 44 килограмм вазн тоифасида бухоролик Ҳамида Фазлиева ғолиб чиқди ва мамлакат чемпионига айланди. 48 килограмм вазнда эса қашқадарёлик Гулҳаё Жўраевага муносиб рақиб топилмаган бўлса, 52 килограмм вазнда пойтахтлик Диллола Деҳқонбоева шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.

Жиззах Олимпия захиралари коллежида кураш бўйича 2001-2003 йилларда туғилган ёшлар ва қизлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати баҳслари давом этяпти, деб хабар беради Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.