Бахмал туманида заъфарон туганакпиёзбошлари ерга қадалиб, мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида янги тажрибага қўл урилган эди.

Жорий йил заъфарондан олинган дастлабки ҳосил Европа мамлакатларига экспорт қилина бошланди.

Шу кунларда бу ноёб ўсимлик Бахмал далаларида гулга кирди. Энди тумандаги заъфарон плантацияларини кенгайтиришга қарор қилинди. Айни мақсадда Италиянинг Брешиа шаҳридан 20 миллионта заъфарон туганакпиёзбоши юкланган юк машиналари Ўзбекистон сари йўлга чиқди.

Уруғлик 6 минг 800 километр масофани, яъни Евроосиёнинг Словения, Венгрия, Полша, Беларус, Россия ва Қозоғистон каби давлатлари ҳудудини босиб ўтиб, юртимизга етиб келади.

Мазкур йирик инвестициявий лойиҳанинг аҳамияти шундаки, Жиззах вилоятида етиштирилган ҳосил энг илғор технологиялар ёрдамида қайта ишланиб, Европага экспорт қилиняпти.

Шунингдек, лойиҳа доирасида яратилган заъфарон кластери атрофида пазандачилик, фармацевтика ва бошқа соҳаларнинг маҳсулотларини қайта ишлаб чиқариш учун қўшимча қувватлар барпо этилаётгани Бахмал туманида 400 нафар доимий ва 30 мингдан ортиқ мавсумий иш ўрни яратилишига хизмат қилади, деб хабар беради «Дунё» АА.